BBC navigation

Венесуэла Уго Чавессиз янги даврини бошламоқда

Сўнгги янгиланиш 9 март 2013 - 14:28 GMT

Маросимга 50 дан ортиқ давлат вакиллари келишган.

Венесуэла халқи саратон касаллигидан вафот этган президент Уго Чавесга мотам тутишда давом этмоқда.

Жума куни расмий дафн маросимига 54 давлат вакиллари ташриф буюришди.

Дафн маросими тугагандан сўнг Уго Чавеснинг мўмиёланган жасади Каракасдаги харбий музейга қўйилади ва доимо одамлар уни кўриб туришлари мумкин бўлади, деб маълум қилган вақтинчалик президент вазифасига киришувчи Николас Мадуро. Музей эса вақти келиб мавзолейга айлантирилиши билдирилган.

Муваққат президент Николас Мадуро Латин Америкаси қаҳрамони, озодлик курашчиси Симон Боливарнинг қиличини Чавес тобути устига қўйиб, дафн маросимини бошлаб берган.

Маросимда Куба, Чили ва Эквадор президентлари олдинги қаторда туришган.

Маросимга Эрон президенти, Белоруссия президенти ўғли билан келган.

Дафн маросимида Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг таъзияси ўқиб берилган.

Россия номидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашган.

АҚШ вакили сиёсатчи Жесси Жексон Венесуэла ва Американинг оддий бўлмаган муносабатларига ишора этаркан, "Келинглар бир-биримизни кечириб, олдинга ҳаракат қилайлик", деб мурожаат қилган.

Николас Мадуро маросим охирида Венесуэлаликлар қалбида Чавес доимо тирик бўлиб қолишини , мамлакат душманлари ҳеч қачон ғалабага эриша олмасликларини таъкидлаган.

Уго Чавес мавзолейда

Мўмиёланган жасади мавзолейга қўйилиши айтилаётган Уго Чавес шу тариқа дунёнинг ўлимидан сўнг мўмиёланган 14-давлат раҳбарига айланади.

Президентнинг жасадини мўмиёлаш филиппинлик мўмиёловчи Фрэнк Малабендга топширилиши айтилмоқда.

Илк бор Владимир Ленин вафотидан кейин мўмиёланган.

Ундан сўнг Туркия президенти Мустафо Камол Отатурк, Хитой раҳбари Мао Цзэдун, Шимолий Кореянинг "абадий президенти" Ким Ир Сен, Вьетнам раҳбари Хо Ши Мин, Рим Папаси Иоанн XXIIIларда бу жараён давом эттирилган.

Уго Чавеснинг жасади мўмиёланиб, Инқилоб музейига қўйилиши маълум қилинганда, венесуэлаликлар ҳукуматнинг бу қарорини олқишлашди.

Николас Мадуро Уго Чавес ишини давом эттиришга ваъда берган.

Чавесга садоқат

Саратон касали билан узоқ курашган Уго Чавес ўтган йилнинг декабрида Николас Мадурони ўзининг давомчиси деб эълон қилган эди.

Мадурони Миллий ассамблея сўзчиси Диосдадо Кабельо пойтахт Каракасда қасамёдга олиб келган.

"Мен комендант Уго Чавесга бутунлай содиқлик билан қасамёд қиламанки, бу боливар конституциясини озод халқнинг мустаҳкам қўллари билан ҳимоя қиламан",- деб ваъда берган Николас Мадуро парламент қаршисида.

Ўз навбатида Диосдадо Кабельо "Венесуэла социализм йўлида боришда давом этиши"ни айтган.

Мухолиф коалициясининг раҳбари, илгари президентликка номзод бўлган Энрике Каприлес Мадуро қасамёдини конституцияга зид ҳисоблаб уни бойқот этган.

Мухолифатнинг фикрича, Венесуэла конституциясига мувофиқ муваққат президент Миллий ассамблея сўзчиси бўлиши лозим.

Николас Мадуро 30 кун ичида президентлик сайловлари муддатини эълон қилиши керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.