BBC navigation

Шинжоннинг Корла шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Сўнгги янгиланиш 9 март 2013 - 12:12 GMT

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида миллий низолар оқибатида тўрт киши ўлган, саккиз киши жароҳат олгани хабар қилинган.

Маҳаллий расмийларга кўра, Корла шаҳрида юз берган ҳодисада одамлар пичоқбозликдан ҳалок бўлишган.

Би-би-си мухбири Шинжондаги миллатлараро муносабат 2009 йилги уйғурлар ва ханлар ўртасидаги қонли тўқнашувлардан буён ҳамон жуда нозиклигича қолаётганлигини айтади.

Корла шаҳри полиция томонидан ўраб олинган.

Полиция навбатдаги тартибсизликлар ва қурбонларнинг олдини олиш мақсадида бу қарорга келинганини билдирган.

Тартибсизликлар шаҳарнинг тижорат қисмида жойлашган Интернет клублардан бирида ярим кечаси 2-3 орасида келиб чиққан. Тўполонда ҳалок бўлган ва яраланган орасида уйғурлар ҳам хитойлар ҳам борлиги айтилган.

Ҳодиса ҳақида гувоҳлар Твиттер орқали хабар берганлар. "Корлада қотиллик рўй берди. видеоўйинлар салонида бошланган тўполонда 4 киши ўлдирилган, 13 киши яраланган", деб ёзишган.

Полиция бу хабарларни тасдиқлаган ва ҳодиса бир қанча уйғурларнинг хитойларга ҳужум қилишидан келиб чиққан, деб айтган.

Бутун Жаҳон Уйғурлар Конгрессининг билдиришича, Корладаги ҳодиса шунчаки "бахтсиз ҳодиса" эмас, бу ҳукуматнинг Шинжондаги мусулмон уйғурларга нисбатан репрессив сиёсатининг давомидир.

Қувғиндаги уйғурлар вакили Раҳит Дилхатнинг айтишича, полиция Корлада хавфсизлик чоралари баҳонасида ҳар бир уйда рейдлар ўтказган ва бир қанча уйғурларни ҳибсга олиб кетган.

Бу этник муаммоларнинг илдизи Хитой ҳукуматининг дискриминацион сиёсатига бориб тақалади, дейди Дилхат.

Хитой ҳукумати уйғурларни Шинжондаги қатор ҳужумларда айблаб келади. Бироқ мамлакат ташқарисидаги кузатувчилар бу айбловларнинг қанчалик қонунийлигини шубҳа остига олиб, уйғурлар томонидан хавфни бўрттириб, бу уларга қарши қаратилган сиёсатлигини таъкидлашади.

Хитойнинг Сина ахборот агентлиги юз берган ҳодиса туфайли йўл ҳаракати қисқартирилганини маълум қилган.

Уйғурлар жамоасининг билдиришича, Кулжа шаҳрида ҳам уйғур ва хитой талабалар орасида келишмовчиликлар келиб чиққан. Бироқ ҳодисага алоқадор хитой талабалар жавобгарликка тортилмай, фақат уйғурлар ҳибсга олинган.

Корла ва Кулжадаги тўқнашувлар ҳақидаги хабарлар Пекинда Бутунхитой миллий вакиллар йиллик сессияси ўтаётган пайтга тўғри келган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари жаноб Си ҳукумати Пекиннинг илгариги раҳбариятининг Шинжон ва Тибетда этник озчиликларга нисбатан адолатсиз сиёсатини мерос қилиб олганини айтишади.

Америкадаги уйғурлар ассоциацияси президенти Олим Сейтоф Вашингтондаги анжуманда уйғурлар, тибетликлар, мўғуллар ҳамда бошқа этник озчиликларни камситиш ва босимлар катта норозиликларни келтириб чиқаришидан хавотир билдирган.

Унинг таъкидлашича, Пекиннинг тарғибот машинаси хитойларни уйғурларга қарши қайраши натижасида 2009 йил июлда Урумчида тартибсизликларга замин яратиб берди ва камида 200 инсоннинг ёстиғини қуритди.

Бундай ҳодисалар уйғурларни тобора сиқувга олиниши, уларнинг маданий анъаналари, одатларига йўл бермаслик, ишга жойлашолмаслик, нормал яшаш шароитларини яратишларига тўсқинлик қилишни янада кучайишига сабаб бўлмоқда,- дейди Америкадаги уйғурлар ассоциацияси президенти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.