BBC navigation

Андрей Луговой Литвиненконинг ўлими бўйича терговда иштирок этмайди

Сўнгги янгиланиш 12 март 2013 - 15:58 GMT
Андрей Луговой

Андрей Луговой ўзининг бегуноҳлигини исботлаш имкони йўқлигини айтган

Россия Думаси депутати ва собиқ КГБ зобити Андрей Луговой Александр Литвиненконинг ўлими юзасидан олиб бориладиган терговда иштирок этмаслигини айтган.

Жаноб Луговой ўз ҳуқуқшуноси Лондондаги текширувларда энди иштирок этмаслигини айтаркан, май ойида бошланиши кутилаётган терговни "майнавозчилик" дея таърифлаган.

Россия Президенти Владимир Путиннинг танқидчиси бўлган собиқ жосус Александр Литвиненко 2006 йилнинг ноябрида Лондондаги шифохонада вафот этганди.

Литвиненконинг ўлимига полоний-210 радиоактив моддасидан заҳарлангани сабаб бўлгани хабар қилинган.

Андрей Луговой ва яна бир россиялик Дмитрий Ковтун Александр Литвиненкони заҳарлашда қўли борликда гумон қилинган асосий шахслардир.

Бугун собиқ КГБ зобити Луговой Британия ҳукумати унга ўз гуноҳсизлигини исботлаш имконини бермайди деган хулосага келганини айтган.

Литвиненко 2006 йилнинг ноябрида Лондондаги шифохонада вафот этган

Литвиненко 2006 йилнинг ноябрида Лондондаги шифохонада вафот этган

Луговойга кўра, у Литвиненконинг ўлими юзасидан холис тергов бўлишига ишонмайди.

У Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейгнинг бу ишга оид айрим даллилларни сир сақлаш ва ҳукуматга тегишли махфий ҳужжатларни хавфсизлик сабаблари боис оммага ошкор қилмаслик борасидаги қарорини қоралаган.

Жаноб Луговойга кўра, мазкур ҳолат бутунбошли жараённи "майнавозчилик"ка айлантиради.

Шунингдек, у Лондон полицияси - Скотланд-Ярдни "сиёсий нохолис"ликда айблайди.

Британия прокуратураси Андрей Луговойни Александр Литвиненко ўлимида айбдор, деб топган. Андрей Луговойнинг ўзи Британия томони олдинга сурган айбловни кескин рад этиб келади.

Россия прокуратураси ҳам мамлакат қонунлари бўйича ўз фуқароларини чет мамлакат маҳкамасига топширилмаслигини айтганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.