BBC navigation

Собиқ президент Парвез Мушарраф Покистонга қайтди

Сўнгги янгиланиш 24 март 2013 - 11:25 GMT

Покистон раҳбарияти унинг ҳибсга олинмаслигига кафолат берганидан кейин Парвез Мушарраф қайтишга қарор қилган.

Ўз ихтиёри билан муҳожирликка кетган собиқ президент Парвез Мушарраф, Покистонга қайтадиган бўлса ўлдирилиши ҳақидаги таҳдидларга қарамасдан, ватанига қайтгани хабар қилинди.

У Дубайдан Карочи шаҳрига парвоз қилган.

Собиқ генерал Мушаррафга қарши Покистонда қатор айбловлар илгари сурилган, бироқ мамлакат раҳбарияти унинг ҳибсга олинмаслигига кафолат берганидан кейин у қайтишга қарор қилган.

Жаноб Мушарраф ўзининг партиясининг шу йил май ойига мўлжалланган парламент сайловларидаги иштирокига бошчилик қилиш ва Покистон парламентида ўрин эгаллашни режалаштирган.

23 март куни Покистон Толибони Парвез Мушаррафга қарши видео баёнот эълон қилган, видеода унга қарши бундан олдинги суиқасдда қатнашган шахс кўрсатилган.

Толибон Покистон собиқ президентини ўлдириш учун худкуш ҳужумчи ва снайперлар ишга солиниши ҳақида огоҳлантирган.

Собиқ генерал Мушарраф бундай пўписалардан қўрқмаслигини, ўзининг хавфсизлиги чораларини кўрганини айтган.

Таҳлилчиларга кўра, мамлакатда жаноб Мушаррафнинг тарафдорлари ҳам анчани ташкил этади, унинг Карочи аэропортига келиб қўнишини кутаётган тарафдорлари Парвез Мушарраф учун ўз ҳаётларини беришга ҳам тайёр эканликларини айтишган.

Покистон маҳкамаси жаноб Мушаррафнинг 2007 йилда собиқ бош вазир Беназир Бҳуттога қарши уюштирилган суиқасд, 2006 йилда Балужистонда Балуж исёнкорлари раҳбари Аҳмад Бугтининг ўлдирилиши ҳамда 2007 йилда Олий маҳкама ҳакамларининг ноқонуний ҳибсга олиниши ва лавозимидан четлатилиши билан боғлиқ жиноят ишларида жавоб беришини истайди.

Покистон маҳкамаси унинг мамлакатга қайтганидан кейин 10 кун ичида маҳкамада ҳозир бўлишини талаб қилган.

Генерал Мушарраф 1999 йили Покистонда давлат тўнтариши содир этган, бунда қон тўкилмаган эди.

У АҚШнинг терроризмга қарши урушида асосий иттифоқчисига айланди.

Генерал Мушаррафнинг Америка билан ҳамкорлиги Покистондаги исломий гуруҳлар ва бошқаларни ғазаблантирди.

У 2008 йил августида ўз хоҳиши билан қудратни топширган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.