Араб Лигаси саммитида Суриянинг расмий ўрни мухолифатга берилди

Аҳмад Муаз Хатиб
Image caption Сурия байроғи ҳам Миллий Коалициянинг байроғи билан алмаштириб қўйилган

Сурия мухолифати Миллий Коалиция Қатардаги Араб Лигаси саммитида мамлакатнинг расмий курсисини эгаллаган.

Қатар амири Шайх Ҳамад бин Халифа ал - Таний икки кунлик анжуманни очаркан, Сурия мухолифати вакилларини ушбу ўринга расман таклиф қилган.

Сурия байроғи ҳам Миллий Коалиция байроғи билан алмаштириб қўйилган.

Бу мухолифат раҳбари Аҳмад Муаз Хатиб якшанба куни истеъфо бериши ортидан коалиция ичида тартибсизликлар кузатилаётган вақтга тўғри келмоқда.

Аммо, Хатиб жаноблари Араб Лигаси саммитида иштирок этган ва нутқ ирод қилган. Ўзининг ҳаяжонли чиқишида у Сурия халқи озодлик учун хун тўлаётганини айтган.

Жаноб Хатиб ва янги сайланган муваққат бош вазир Ғассан Ҳитто Суриянинг расмий курсисини эгаллашаркан, Араб давлатлари раҳбарлари уларни қарсаклар билан кутиб олишган.

Миллий Коалициянинг саммитга таклиф этилиши Дамашқнинг ғазабини келтирган.

"Лига Суриянинг ўғирланган курсисини безорилар ва каллакесарларга оширди", дейилади расмий ал-Завра нашрида.

Араб Лигаси йиғини очилишида амир Шайх Ҳамад бин Халифа ал - Таний БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Суриядаги икки йиллик можарога барҳам беришга ёрдам сўраган.

Бу мавзуда батафсилроқ