Шри Ланкада оломон мусулмонлар дўконларига ҳужум қилди

Image caption Ҳудудга қўшимча полиция кучлари жойлаштирилгани айтилади

Шри Ланка пойтахти Коломбода юзлаб одамлар буддавий роҳиблар етакчилигида мусулмонларга тегишли бизнесларга қарши ҳужум қилишган.

Роҳиблар пайшанба кечаси пойтахт четидаги мавзеълардан бирида жойлашган кийим-кечак омборига тош отаётганлари видеотасвирга олинган.

Франс Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳудудни қўриқлаш учун полиция кучлари жойлаштирилган.

Ҳужумлар қаттиққўл буддавий гуруҳлар мусулмонлар ҳаёт тарзига қарши кампанияларини кучайтирган пайтда кузатилмоқда.

Би-би-сининг Коломбодаги мухбирига кўра, роҳиблар етакчилик қилаётган оломоннинг сони жуда тез ортиб борган ва қарийб 500 нафарга етган.

Улар дўконлар мусулмонлар эгаларига қарши ҳақоратлар ёғдиришган ва ҳодисаларни ёритиш илинжида борган журналистларни ўраб олишган.

5-6 киши, жумладан, бир оператор жароҳат олган.

Полиция ҳудудга қўшимча махсус кучлар бўлинмаларини жойлаштирганини айтади. Франс Пресс ахборот агентлигига гапирган полиция воизи "вазият бир неча соат ичида назорат остига олингани"ни айтган.

Телевизион тасвирларда омборлар ойналари сингани ва ичкаридаги кийим-бошлар кўчаларга сочилгани акс этган.

Мусулмонларга қарши кампания

"Айрим юқори мартабали сиёсий раҳбарлар тарафидан дастакланган қаттиққўл буддавий гуруҳлар бир неча ҳафтадан бери мусулмон озчиликларга қарши кампанияларини кучайтиришганди. Мусулмонлар экстремист сифатида айбланган, мусулмонларнинг ўзлари бу айбловларни рад этишади", дейди мухбиримиз.

Бундан ташқари, буддавийлар мусулмонларнинг озиқ-овқат танловлари, аёлларининг кийиниш тарзи ва оилалари ҳажми ва бошқа ҳаёт тарзларини қоралашган.

Қаттиққўл буддавийлар танқидчилари уларни тоза ирқчиликда айблашган ва буддавийларни мусулмонлар дўконларини бойкот қилишга чақиришган.

Мусулмонлар Шри Ланка аҳолисининг бор-йўғи 9 фоизини ташкил этади. Ички урушлар даврида тамил тилида сўзлашувчи ушбу мусулмон озчиликлар паст мавқеъда ушланган.

Тўрт йил муқаддам аксари сингал буддавийлардан иборат мамлакат армияси Тамил бўлгинчиларини мағлубиятга учратганди.