Шимолий Корея чегарадаги саноат марказини ёпиб қўйди

Image caption Кэсон саноат ҳудудида икки Кореянинг ҳам ишчилари ишлайди

Шимолий Корея чегарадаги Кэсон қўшма саноат зонасига жанубий кореялик мутахассисларни киритмай қўйган. Бу ҳақида Жанубий Кореянинг қўшилиш бўйича вазирлиги хабар қилди.

Кэсонда 100дан ортиқ заводлар ва корхоналар амал қилади. Уларда 50 мингдан ортиқ шимолий кореялик ва бир неча юз нафар жанубий кореялик мутахассислар ишлайди. Бу зонага кириш учун уларга кундалик равишда махсус рухсатнома берилади.

"Жанубий Корея киришга тўсиқ қўйилганидан чуқур таассуф изҳор қилади ва бу қарорнинг зудлик билан бекор қилинишига чақиради", - деди қўшилиш бўйича вазирлик вакили.

Кэсон Шимолий Корея учун асосий даромад манбаларидан биридир ва у ердаги вазият, таҳлилчиларга кўра, икки Корея ўртасидаги ўлчагичдек хизмат қилади.

Айни дамда бу вазиятни мисли кўрилмаган дея баҳолаб бўлмайди. 2009 йил мартида Пхеньян Жанубий Корея ва АҚШнинг қўшма ҳарбий машқлари туфайли ҳудди шундай чора кўрганди.

Бироқ, у чора ўта қисқа вақт амалда қолган.

АҚШ жавоб беришга тайёр

Шимолий Корея бу чорасига Вашингтоннинг "номақбул ишоралари" сабаб бўлганини айтади.

Бир неча соат аввалроқ АҚШ Давлат котиби Жон Керри Америка ўзи ва ўз иттифоқчиси Жанубий Кореяни Шимолий Кореянинг ядровий таҳдидидан ҳимоя қилишга тайёр эканини айтган.

Бу баёнот Кэрри ва унинг жанубий кореялик ҳамкасби Юн Бён Сенинг қўшма матбуот анжуманида янграган.

Керри ўтган февраль ойида Шимолий Корея томонидан амалга оширилган учинчи ядровий синовлар туфайли тадбиқ қилинган БМТ санкциялари Шимолий Кореяни ғазабини қўзғаганини айтди.

Аммо, Пхеньян, шунингдек, АҚШ ва Жанубий Корея олиб бораётган кенг кўламли қўшма ҳарбий машқлардан норози.

Ўз навбатида, Пентагон вакили Жон Литтл Шимолий Корея қирғоқларига юборилган АҚШнинг икки эсминец кемалари "бизга ва бизнинг иттифоқчиларимизга қарши ракеталар ҳужумини бартараф қилиш" мақсадини кўзлашини билдирди.

Сешанба куни Пхеньян Йонбендаги ядровий реакторида ишни қайта бошлашини эълон қилди. Америкаликлар фикрида бу қип-қизил провокациядир.

Аввалроқ БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бу инқироз ўта чуқурлашиб кетгани ва зудлик билан Шимолий Корея билан музокараларни бошлаш лозимлигини айтган.