Ғазода фаластинлик ўсмирлар Исроил ҳужумидан ҳалок бўлган

Image caption Испоил қамоқхонасида фаластинликнинг ўлимидан кейин тўқнашувлар келиб чиққан.

Ғарбий Қирғоқда икки фаластинлик ўсмирнинг жасади топилган.

Исроил ҳарбийларининг айтишича, қўриқчилар турган Эйнав назорат жойига фаластинликлар томонидан портловчи мослама улоқтирилгандан сўнг, аскарлар жавоб ўқи отишган.

Исроил турмасида саратонга чалинган 64 ёшли фаластинлик Майсара Абу Ҳaмдийнинг ўлимидан кейин Ғарбий Қирғоқда вазият таранглашган, ғазабланган одамлар кўчаларга чиққанлар.

Чоршанба кечаси Ғарбий Қирғоқ шимолида тўқнашувлар содир бўлган.

Фаластин расмийларига кўра, ҳалок бўлган икки 16-17 ёшли йигитлар қариндош бўлишган.

Исроил ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини билдиради.

Фаластин расмийлари қамоқда ҳаётдан кўз юмган кишига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани, касаллик зўрайиб кетгунига қадар қўйиб берилганини қоралаган.

Исроил томони эса вафот этган кишининг аҳволи назорат қилингани, уни қамоқдан чиқариш ишлари олиб борилгани, лекин улгурилмаганини айтган.

Чоршанба куни Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги Абу Ҳамдий ўлимидан кейин ўтказилган текширув хулосаларини баён қилган. Унинг томоғи, кўкраги, ўпкаси, жигари ва умуртқа поғанасида ўсимталар бўлгани аниқланган.

Абу Ҳамдий 2002 йил Қуддусдаги кафени портлатишга уринишганликда айбдор топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлган.

Ғарбий Қирғоқдаги таранглик ва тартибсизликлар АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Қуддус ва Рамаллага ташрифи олдидан рўй бермоқда.

Исроил ҳарбийлари пайшанба куни эрталаб Ғазодан бир нечта ракета ҳужуми уюштирилгани, лекин талофот етказмаганини хабар қилишган.

Бу мавзуда батафсилроқ