Ўн минглаб сиёсатчи ва раҳбарларнинг оффшор ҳисоблари фош этилди

Image caption Тергов Президент Алиевнинг рафиқаси ва икки қизининг оффшор ҳисобларини ҳам ошкор қилди

Олмония Молия вазири Вольфганг Шойбле махфий оффшор банк ҳисоблари борасида олиб борилган халқаро журналистик терговни олқишлаган.

Унинг айтишича, Оврўпо Ҳамжамияти аъзолари солиқдан бўйин товлашга қарши курашда янгича қўшма чораларни ишлаб чиқишлари керак.

Тергов журналистикасининг халқаро консорциуми 120 мингдан ошиқ ширкатлар ва жамғармаларнинг оффшор ҳисоблари борасидаги компьютер маълумотларини тергов қилган.

Таркибида 2,5 миллион файл бўлган бу маълумотлар аноним манба томонидан жамоатчиликка ошкор қилинди.

Маълумотлар кўплаб мамлакатлардаги сиёсатчилар, ширкатлар ва банклар раҳбарлари ўз даромадларини ўтган 30 йил ичида махфий оффшор ҳудудлардаги ҳисобларда яшириб келаётганларини фош қилди.

Радио орқали чиқишида Шойбле солиқдан бўйин товлашнинг ақл бовар қилмайдиган мураккаб схемалар мавжудлигини айтди.

"Уларнинг ҳаммаси ҳам ноқонунийми, бу бошқа масала. Лекин, биз солиқлардан яшириниб келаётган шахслар борасида маълумот алмашишнинг яхшиланишини Оврўпо Ҳамжамиятидан талаб қиламиз", - деди олмон вазири.

Солиқ агентлиги

Олмон Молия вазирлигининг ходими Штеффен Кампетернинг айтишича, бу каби шахсларга қарши курашни мувофиқлаштириш зарур. У Американинг FBI, Федерал терговлар бьюросига ўхшаш янги агентлик тузилишини таклиф қилди.

Ҳозирда бу каби терговларни Олмония маҳаллий ҳукуматлари олиб боради.

Олмония ҳозирнинг ўзидаёқ Швейцария ва Люксембург банкларидан у ердаги банкларда ўз даромадларини яшираётган олмон фуқаролари борасида маълумот берилишини талаб қилмоқда.

Қибриздаги молиявий инқироз манзарасида Олмония Қибризда оффшор банклар тамойилига асосланган банк тизими ўрнатилганини қаттиқ танқид қилди.

Бу каби тизим кўплаб бадавлат Россия фуқароларини ўзига жалб қилади. Улар ўз мамлакатида солиқ тўлашдан қочиб, пулларини Қибризда сақлайдилар.

Оффшор ҳисоблар борасидаги журналистик тергов аллақачон Францияда молиявий можарони келтириб чиқарди. Аён бўлишича, Социалистлар партиясининг собиқ ғазначиси Жан-Жак Ожье ўз даромадларини Кайман оролларидаги икки ширкатда сақлаган.

Исми фош қилинган сиёсатчилар орасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам бор. Унинг икки қизи Арзу ва Лейла номида ташкил қилинган икки оффшор ширкати тергов чоғида аниқланган. 2003 йилда ташкил қилинган яна бир оффшор ширкатнинг раҳбарлари сифатида президентнинг ўзи ва рафиқаси Меҳрибон Алиева қайд қилинган.