Қозоғистон: Эрон атом лойиҳаси бўйича музокаралар самарасиз якунланди

Халқаро музокарачилар икки кун давомида Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб боришди.

Музокаралар Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳрида бўлиб ўтди.

Музокараларнинг биринчи кунидан сўнг ушбу учрашув кўзланган натижани бериши даргумонлиги айтилди.

Эрондан ядровий дастурнинг энг мунозарали қисмларидан воз кечиш эвазига халқаро санкцияларни енгиллатиш ваъда қилинган эди.

Ғарб дипломатларига кўра, Эрон ҳозирча бу ҳақда аниқ жавоб билдирмаган.

Қудратли давлатларнинг Эрон махфий атом лойиҳасини амалга ошираётганлиги ҳақидаги гумонларига жавобан расмий Теҳрон унинг бутунлай тинчлик мақсадларига қаратилганини иддао қилиб келади.

Шанба куни Олмаотада очилган музокаралар чоғида Эрон делегацияси раҳбари Саид Жалилий мамлакати атом лойиҳасини ҳимоя қиларкан, жаҳон ҳамжамияти Эроннинг уранни тўйинтириш ҳуқуқи борлигини тан олиши кераклигини айтган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия , Франция ва Олмония билан бошланган музокараларда Теҳрон "муҳим режалар"ни тавсия қилган.

Бироқ Ғарб дипломатлари фикрича, Теҳрон олдинги сафар Россияда маъқулланмаган фикрларини бошқача шаклда ифодалашга уринмоқда. Эрондан вазиятдан чиқишнинг аниқ йўллари талаб қилинмоқда, деб айтган дунё сиёсатчилари.

Саид Жалилийга кўра, музокараларда силжишга биргина Эроннинг уранни қайта ишлаш ҳуқуқини тан олиш билан эришиш мумкин.

Феврал ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувда Эрон Форду шаҳрида уранни 20 фоизгача тўйинтириш ишларини тўхтатиб, заводнинг ўзини ёпишга розилик билдирса, жазо чоралари камайтирилиши айтилган эди. Ғарбга кўра, ураннинг бу тариқа ишланиши Эрон атом қуроли олишга деярли тайёр бўлганини англатади.

Эронга қарши киритилган жазо чоралари мамлакат иқтисодига жиддий зарар етказиб, нефтдан олинадиган даромадни қисқаришига, миллий валютанинг қадрсизланиши ва ишсизликнинг ошишига олиб келди.

Шанба кунги музокараларда иккала томонни ҳам қониқтирадиган бир тўхтамга келиш умид қилинганди, бироқ музокаралар бу сафар ҳам самарасиз тугаган.

Бу мавзуда батафсилроқ