Владимир Путин истеъфога чиққач нима билан шуғулланмоқчи?

Image caption "Мен сиёсатда узоқ қолмоқчи эмасман",- деб айтган жаноб Путин.

России Президентининг айтишича, у ўзини сиёсатда доимий ҳисобламайди. Жаноб Путин Олмониянинг ARD телерадиокомпаниясига берган интервьюсида келажакда ўзини ҳуқуқ ёки адабиётда, балки жамоат ишлари ва спортга боғлиқ соҳаларда кўришини айтган.

Олмон журналистининг Путинга "ўн уч йилдан ортиқ вақтдан буён давлат раҳбарларидан бири экани ва бу лавозимда қанчалик узоқ муддатгача қолиши мумкин?", деган саволига у "Оврўпо сиёсатида мендан кўпроқ биринчи лавозимни эгаллаб турганлар бор. Оврўпода ҳам, Америкада ҳам, Канадада ҳам", деб урғулаган, лекин аниқ исм-шарифларни очиқламаган.

Россия Президенти бу саволга жавоб берар экан, Марказий Осиёнинг "узоқ умр кўрувчи", йигирма йилдан ортиқ амал курсисини бошқага беришни истамаётган президентлари билан ўзини таққослашни лозим топмаган.

"Бироқ мен шунга кўз тутаманки, сиёсий ва давлат ишларимни тугаллаганимдан кейин менда бошқа масалалар билан шуғулланиш имкони туғилади. Ҳар бир нормал инсон олдинда қандайдир горизонт борлигини кўради ва мен ҳам сиёсатда узоқ умр қоладиганлардан эмасман", деб жавоб қайтарган.

Жаноб Путин гарчи ўзининг катта сиёсатдан қачон кетиши мумкинлигини айтмаган бўлса ҳам, келажакда жамоат ишлари билан шуғулланишни хоҳлашини таъкидлаган.

"Мен ҳуқуқни жуда яхши кўраман, адабиётни севаман ва ўйлайманки, бу соҳалар, балки бошқа жамоат, спорт ишлари билан "давлат ишларига боғланмаган ҳолда" шуғулланишга имконим бўлади".

Россия Президентининг немис телевидениесига суҳбати унинг апрел ойида Олмонияга бўладиган ташрифи олдидан уюштирилган. Суҳбатда мухолифат мавзуси ҳам кўтарилган.

"Россияга сиёсий рақобат зарур, рақобатсиз бугунги дунёда иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам ривожланиш, жўяли қарорлар қабул қилиш мумкин эмас, дейди Путин.

"Бироқ бу- мухолифат хориждан молиялаштирилиши керак дегани эмас".

"Сайловлар- бу ўз нуқтаи назарини ифодалаш, намойишлар ҳам",- деб қайд этади Россия раҳбари. Қонун бор. У яхшими, ёмонми, уни демократик йўл билан ўзгартириш мумкин, лекин унга амал қилиш лозим",- деб айтган жаноб Путин.

Бу мавзуда батафсилроқ