Башар ал-Ассад: Сурия қўшнилари террористларга ёрдам беряпти

Image caption Сурия Президенти қўшни давлатларни террористларга қурол етказиб бериб, мамлакатдаги аҳволни оғирлаштираётганликда айблаган.

Сурия Президенти Башар ал-Ассад Туркия оммавий ахборотларига берган интервьюсида Сурияга қўшни давлатларни жангариларга кўмаклашиб, мамлакатдаги вазиятни тобора оғирлаштираётганликда айблаган.

Башар Ассаднинг таъкидлашича, Суриядаги тузумнинг қулаши домино таъсирини кўрсатиб, Яқин Шарқдаги вазиятни узоқ йилларга оғирлаштириб юборади.

Жаноб Ассад шунингдек ўзининг собиқ иттифоқчиси Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг тутаётган йўлини танқид қилган.

Сурия Президенти Турк раҳбарини мамлакатидаги қон тўкилишларида алоқадор, деб билишини айтди.

Президент Ассад ўз навбатида кейинги пайтда пайдо бўлган миш-мишларга ҳам ойдинлик киритиб, "ўз уйида яшаётгани, Эронда ҳам, Россия кемасида ҳам эмаслиги"ни таъкидлаган."Мен ўз халқим орасидаман. Менинг ўлимим ёки йўқолиб қолганим ҳақидаги гаплар Сурия душманлари томонидан тарқатилаётган бемаъниликдир",- деган у.

Башар ал-Ассад ўз интервьюсида Сурия мухолифати Миллий Коалицияси Қатардаги Араб Лигаси саммитида мамлакатнинг расмий ўрнини эгаллаганини "Араб Лигаси ўз легитимлигини йўқотди", дея баҳолаган.

Араб Лигасининг Башар Ассад президент сифатида легитимлигини йўқотди, деган баёнотига жавобан, қонунийликни Араб Лигаси эмас, Сурия халқи беришини, ташкилот бировнинг мавқеини белгилаш ваколатига эга эмаслигини таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, Сурияда хорижий жангариларнинг фаолияти кенгайиб бормоқда. Улар орасида АҚШ томонидан "Ал-Қоида" билан алоқага эга, дея террорчи гуруҳларнинг рўйхатига киритилган Jabhat al-Nusra (Нусрат Жабҳаси) гуруҳи ҳам борлиги айтилади.

Бундан ташқари, олдинроқ Франция ва Британия расмийлари Сурия исёнчиларига қурол-яроғ ёрдами беришни ёқлаб чиққан эди.

Британиянинг тахминларига кўра, Башар Ал-Асаднинг икки асосий иттифоқчиси Эрон ва Россия ҳарбий ва молиявий ёрдамни кучайтирганлари шундай қарорга келишга ундайди.

Шу билан бирга Сурия мухолифати орасида келишмовчиликлар кузатилган. Сурия мухолифати раҳбари Аҳмад Муаз Хатиб истеъфо берган.

Image caption Қочқинларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Қочқинлар

Айни пайтда БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги Суриядаги қочқинлар учун маблағ тугаб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Вазият шу тариқа давом этаверса, сурияликлар жон сақлаётган Затарий жамлоғида қочқинлар сони 2013 йил охирига бориб 1,2 миллионга етиши мумкин.

Бу эса Иордания ва бошқа қўшни давлатлардаги суриялик қочқинларга ёрдам етказишни мураккаб аҳволга солиб қўяди.

"Талаб кун сайин шу қадар ошиб бормоқдаки, биз яқинда қочқинларга ёрдам беролмай қолишимиз мумкин", деб айтади Юнисефнинг матбуот сўзчиси Марик Меркадо Женевадаги матбуот анжуманида. "2011 йилдан буён 1,2 миллион суриялик қочқинга айланган. Қочқинларнинг аксариятини ёш болалар ташкил қилади", деган у.

Юнисеф халқаро ташкилоти Иордания, Туркия, Ироқ, Ливандаги қочқинларни ичимлик суви, дори-дармон ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлашда тобора қийинчиликларга дуч келмоқда.

"Инсонпарварлик ташкилотининг ўз вазифасини бажаришга имконсиз бўлиб қолиши бу ўзига хос инқирозни англатади. Бу жуда хавфли ва назорат қилиб бўлмайдиган вазиятни пайдо қилиши мумкин", деб айтган Юнисеф вакили.

БМТ ҳисобига кўра, Суриядаги тартибсизликлар бошланган 2011 йилдан буён ҳалок бўлганлар сони 70 мингдан ошган.

Бу мавзуда батафсилроқ