"Пхеньян ядровий синовни кўзлаётган бўлиши мумкин"

Image caption Шимолий Кореянинг Пунгери атом полигонида одамлар ва ҳарбий техниканинг фаоллиги кучайган.

КХДП тўртинчи марта атом қуроли синовига тайёрланаётганлиги эҳтимоли катта, деб хабар берганди Франс Пресс агентлиги Жанубий Корея вазири Ре Кил Жега иқтибосан. Бироқ Жаноб Же Пунгери атом полигонида одамлар ва ҳарбий техниканинг фаоллиги кучайгани ҳақидаги олдин айтган гапларини рад қилган.

Олдинроқ бу ҳақда мамлакат хавфсизлик хизматларининг маълумотларига таяниб Жанубий Корея матбуоти хабар тарқатганди.

Манбалар шунингдек, бундай фаоллик расмий Пхеньян томонидан атайлаб саҳналаштирилган бўлиши мумкинлиги ва шу тариқа Сеул ва Вашингтонга босим ўтказишни кўзлаганини ҳам эътибордан соқит қилмайди.

Жанубий Корея разведкаси шимолий қўшниси ўрта масофадаги ракетани учиришга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Маълумотларга кўра, ракеталар мамлакатнинг шарқий қирғоқларига жойлаштирилган ва марҳум Ким Ир Сеннинг туғилган куни муносабати билан 15 апрелда синовдан ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Шимолий Кореянинг навбатдаги ҳаракати Корея ярим оролидаги вазиятни янада мураккаблаштириши шубҳасиз.

Феврал ойида ҳам Пхеньян ядровий синов ўтказган, бу Сеул ва Вашингтонни ғазаблантириб, БМТ томонидан янги жазо чоралари киритилишига сабаб бўлган эди.

Шунингдек, АҚШ ва Жанубий Кореянинг биргаликдаги ҳарбий машқлари Пхеньяннинг ғазабини қўзғаган. Шимолий Корея бунга жавобан ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилган ва иккала Корея ўртасидаги келишув битимидан чиққан эди.

Кузатувчилар икки ўртада уруш келиб чиқадиган бўлса, Пхеньян билан АҚШ ва иттифоқчиси Жанубий Корея ўртасидаги кучлар салмоғи жуда улканлиги, Шимолий Корея мағлубияти ва ундаги тузумнинг тугашига олиб келиши муқаррарлигига ишора қилишган.

Бу мавзуда батафсилроқ