Femen ҳаракати қизлари Путин қаршисига кийимсиз чиқишган

Image caption "Сиёсат ҳақида кийинган ҳолда гапирган маъқул, ечинишни эса бошқа жойда қилиш керак", - деб айтган Путин.

Россия президентининг 8 апрелда Олмония ва Ҳолландияга сафарини Femen қизлари ўзига хос тарзда кутиб олишган.

Владимир Путин ва Олмония канцлери Ангела Маркел Ганновер ярмаркасида Volkswagenга боғлиқ қисмини томоша қилаётганларида отилиб чиққан фаоллар инглиз тилида цензурасиз сўзларни айтиб қичқирганлар.

Қизлар орқаларига Путинга қаратилган ҳақорат сўзлари ёзиб олган бўлишган.

Улар Путинни ўз сиёсий мухолифлари ва фуқаролик фаолларга нисбатан муносабатини қоралаб, унинг сафари давомида борган жойларида таъқиб қилмоқдалар.

Феменчи қизларни президент қўриқчилари дарҳол ушлаб олган бўлсалар ҳам, Путин уларни босиқлик ва кулгу билан қабул қилган.

"Сиёсат ҳақида кийинган ҳолда гапирган маъқул, ечинишни эса бошқа жойда қилиш керак", - деб айтган у. Олмония матбуоти эса жаноб Путинга қизларнинг ҳаракати ҳатто ёққандек кўринди, деб ёзади.

Якшанба куни жаноб Путин ва Маркел хоним халқаро Ганновер ярмаркасини очишди.

Россиянинг 160 ширкатлари ўз имкониятларини намоён этишган. Улар орасида "Газпром", "Роснефть", РЖД, "Роснано", "Ростех", "Сколково", "Уралвагонзавод" каби ширкатлар ғарблик инвесторларнинг эътиборини қозонишга ҳаракат қилишган.

Ярмарканинг Нобел мукофотининг техник муқобили деб аталадиган "Гермес-2013" мукофоти ишлаб чиқаришда смартфонлар учун лойиҳа тузган ширкатга берилган.

Жаноб Путин Олмония билан ҳамкорлик туфайли Россияда минглаб ишчи ўринлари очилаётганлигини таъкидлаган.

Ангела Маркел эса Россия билан виза муносабатларига енгиллик киритилиши ҳақида гапирган.

Учрашувда шунингдек Шимолий Корея ва Суриядаги вазият ҳам муҳокама қилинган.

Нодавлат ташкилотлар ҳақидаги саволга жаноб Путин "ҳукуматнинг хавотири ташкилотларнинг фаолиятидан эмас, балки хориждан туриб молиялаштирилиши ҳақида"лигини айтган.

"Фақат тўрт ойнинг ичида уларнинг ҳисоб рақамларига хориждан бир миллиард доллардан зиёд маблағ келиб тушган. Бу кичкина бўлмаган пулларни масалан Кипрга ёрдам сифатида йўналтириш мумкин эди",-дейди жаноб Путин.

Image caption "Акция менга ёқди. Бунинг учун украиналик қизларга ярмаркангизнинг рекламасига ёрдам беришгани учун раҳмат айтиш керак", деган Путин Маркел хонимга.

Ўз ўрнида Ангела Маркел "Фемен" акцияси ҳақида "Бизда эркин давлат, лекин барибир одоб ва қоидаларга риоя қилиш керак", дея фикр билдиради.

Жаноб Путин бу ерда ҳам ҳазил билан қўшимча қилган: "Акция менга ёқди. Бунинг учун украиналик қизларга ярмаркангизнинг рекламасига ёрдам беришгани учун раҳмат айтиш керак. Мен уларнинг нима деб қичқирганларини эшитмадим, қўриқчилар улар билан юмшоқроқ муомала қилишса ҳам бўларди. Лекин сиёсат тўғрисида кийинган ҳолда гаплашган яхши. Ўйлайманки, қизлар бу ерда совуқ қотиб қолишмади",-деб айтган Путин жаноблари.

Femen ҳаракати фаоллари ҳам Pussy Riot қизларига Россия маҳкамаси чиқарган ҳукмни қоралашганди.

Pussy Riot

Черков меҳробида аксилҳукумат норозилик амали ўлароқ бошига балаклава ўраб, ашула айтган Pussy Riotнинг ҳаракати нафақат Россияда, балки бутун дунёда турли фикрларга сабаб бўлган.

Бундан олдин, АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Россияда Pussy Riot панк-гуруҳ қизларига берилган қамоқ жазосини қоралашган.

Amnesty International халқаро ташкилоти қизларга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирган.

Толоконникова, Алехина ва Самуцевич ўзларининг ҳаракатлари билан черковга эмас, Владимир Путинни очиқ қўллагани учун Патриарх Кириллни ҳажв этишганини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ