Шимолий Корея: "Хорижликлар Жанубий Кореядан чиқиб кетсин"

Image caption Шимолий Корея ядровий қуролларини ишга солиши ва ядровий реакторини қайта бошлашини айтиб таҳдид қилди

Шимолий Корея Жанубий Кореядаги хорижликларни, уруш бошланган тақдирда, эвакуация чораларини кўришга чақириб огоҳлантирган.

Мазкур огоҳлантириш Шимол синов ракетасини отишга шайланаётгани борасидаги хавотирлар манзарасида янграмоқда.

Пхеньян Жанубий Корея, Япония ва минтақадаги АҚШ базаларига қарата тажовузкорона таҳдидлар қилиб келмоқда.

Япония ўз пойтахти Токионинг 30 миллион аҳолисини ҳимоялаш учун шаҳар бўйлаб учта ҳудудда аксил-ракета батареяларини ўрнатган.

АҚШ ишлаб чиқарган Патриот аксил-ракета тизимлари Мудофаа вазирлиги ва икки ҳарбий базага жойлаштирилган.

Ўтган ҳафта охирида Япония Шимолий Корея томонидан япон оролларига отиладиган ҳар қандай ракетани уриб тушириш буйруғи билан икки энг замонавий ҳарбий кемасини япон денгизига чиқарган.

Жосуслик хабарларига кўра, Шимолий Корея ўтган бир неча кун ичида икки ўрта-масофали ракеталарини ўз қирғоқларига жойлаштирган.

Токиодаги Би-би-си мухбири Руперт Вингфилд-Ҳейз Японияда ҳеч ким Пхеньян ҳақиқатдан ҳам ҳужум қилишга шайланаётганига ишонмаслигини айтади.

Лекин, у Япония устидан учиб ўтиб, Тинч уммонига тушадиган ракетани отиши мумкин. Агар Шимол бунга қўл урадиган бўлса, Япония ракетани уриб тушириши билан огоҳлантирган.

Япония илк марта бундай чоралар кўраётгани йўқ.

Кескин огоҳлантириш

Пхеньяннинг Осиё-Тинч уммони тинчлик қўмитаси чиқарган баёнотда қуйидагилар айтилади: "Корея ярим оролидаги вазият ядровий уруш томон ҳаракат қилмоқда. Агар уруш бўлса, биз Жанубий Кореяда яшаётган хорижликлар жабр кўришини истамаймиз".

Баёнот Жанубий Кореядаги барча хорижий ташкилотлар, ширкатлар ва сайёҳларни "эвакуация чораларини ишлаб чиқиш"га чақирган.

Шимолий Корея ишчилари шимол ва жануб ўртасида жойлашган қўшма Кэсонг саноат мажмуасига сешанба куни ишга чиқмаганлар.

БМТ ўтган ой Шимолий Корея учинчи ядровий синовини амалга ошириши ортидан унга қарши қаттиққўл санкцияларни ўрнатди.

Пхеньян БМТ санкциялари ва АҚШ-Жанубий Корея қўшма ҳарбий машқларига тажовузкорона баёнотлар билан жавоб қайтарган. У ядровий қуролларини ишга солиши ва ядровий реакторини қайта бошлашини айтиб таҳдид қилди.

Сиз Жанубий Кореядамисиз? У ердаги вазият ва ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари вазияти ҳақида нима дея оласиз. Биз билан матн остидаги формани тўлдириш орқали ёки uzbek@bbc.co.uk адресига мактуб йўллаб боғланишингиз мумкин