Эрондаги зилзилада қурбонлар сони ошган

Сешанба куни Эронда юз берган 6,3 баллик зилзила натижасида камида 37 киши ҳалок бўлгани, 850 дан ортиқ киши жароҳат олгани айтилмоқда. Табиий офат яна 80 дан ортиқ қайта силкинишлар билан давом этгани кузатилган.

Мухбирларга кўра, 12 қишлоқ буткул вайронага айланган, одамлар тунни кўчаларда ўтказганлар.

Халқаро Қизил Ярим Ой ташкилотининг қутқарувчи гуруҳлари жабрланган ҳудудларда фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Эрон расмийлари зилзила марказидан 90 км масофада жойлашган Бушердаги АЭС зарар кўрмагани, хавф-хатар йўқлигини маълум қилишган.

Бушер ҳокими Фаридун Ҳасанванд зилзиладан тан жароҳати олган кишиларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдиради.

Бушерда жойлашган 50га яқин қишлоқда 10 мингдан ортиқ одам истиқомат қилиб келган. Аҳолининг 700дан ортиқ уйларига зарар етган.

Би-би-си мухбирининг айтишича, тош ва пахсадан қилинган уйлар бутунлай вайрон бўлган. Зилзила кучи Форс кўрфазида жойлашган бошқа мамлакатлар, Дубай, Баҳрайн ва Абу-Дабида ҳам сезилган.

"30 секунд давомида биномиз у ёқдан бу ёққа бориб келди. Бу жудаям қўрқинчли эди, худди кемада ўтиргандек ҳис қилдик ўзимизни", дейди Абу Дабидаги кўп қаватли бинода ишлаган киши.

Эрон дунёдаги энг хавфли сейсмологик ҳудудлардан бири ҳисобланиб, унинг ҳудудидан йирик геологик ёриқ ўтади.

2003 йил содир бўлган кучли ер силкинишида 25 мингдан ортиқ инсон қурбон бўлганди.

Бу мавзуда батафсилроқ