Жанубий Корея армияси жанговар ҳолатга келтирилган

Пхеньяннинг кетма-кет ядровий таҳдидлари орқасидан расмий Сеул ўз ҳарбий кучлари ҳар қандай ҳамлага тайёр турганини билдирган.

Америка ва жанубий кореялик манбаларга кўра, Шимолий Корея 3000 минг км масофага етадиган "Мусудан" ракеталари синовини ўтказишга тайёрланаётгани эҳтимолга жуда яқиндир.

Расмий Пхеньян Жанубий Корея, Япония ва АҚШнинг ҳарбий базаларини мўлжалга олиш билан таҳдид қилишда давом этмоқда.

Шимолий Кореянинг "Масудан" ракеталари ҳақида 2010 йил ўтказилган ҳарбий парадгача маълумот йўқ эди. Маълумотларга кўра, бундай ракеталарни Эрон ҳам сотиб олган ва синовдан ўтказишни хоҳлайди.

Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазири Юн Бен Сенга кўра, шимолий қўшниси "кутилмаган лаҳзада" ракетани учириши мумкин.

Шундай лаҳзалардан бири душанба куни нишонланадиган марҳум Ким Ир Сеннинг туғилган куни бўлишидан хавотирлар бор.

Олдинроқ Япония ҳам ўзининг "Патриот" зенит-ракета мажмуини Шимолий Корея томонидан келадиган хавфга қарши жойлаштирганди.

Сешанба куни Пхеньян Жанубий Кореядаги хорижликларни юзага келиши мумкин бўлган вазият олдидан мамлакатни тарк этишларига чақирди.

Шунингдек 10 апрелдан бошлаб мамлакатдаги чет эллик ходимларнинг ҳам хавфсизлигига кафолат беролмаслигини маълум қилди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Корея оролидаги вазият "назорат остидан чиқиб кетиши" мумкинлигини айтган.

Россия ва Хитой ҳам Пхеньянни босиқликка чақирмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ