Адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтирилди

Image caption Мамадали Маҳмудов 1999 йил Тошкент портлашларидан кўп ўтмай қамоққа олинганди

Таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг Би-би-сига маълум қилишича, ёзувчининг жазо муддати яна уч йилга узайтирилган.

Бу ҳақда адибнинг ўзи Гулсара Маҳмудова билан 10 апрел куни Тоштурмада бўлган икки соатлик учрашуви чоғида маълум қилган.

Эврил Турон адабий тахаллуси билан машҳур Мамадали Маҳмудов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Адибнинг шу йил бошида озодликка чиқарилиши кутилаётганди.

72 ёшли Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 - моддаси - "Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" да айбдор деб топилган.

Халқаро Пен клуб ва жаҳондаги бир қатор таниқли ёзувчилар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Мамадали Маҳмудовни озод этишни сўраб, мактублар йўллашган.

Бироқ Ўзбекистон мазкур талабларни эътиборсиз қолдириб келади.

Халқаро Пен Клуб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтирилишидан "хафсаласи пир" бўлганини маълум қилган.

Пен Клуб сўзчиси Кэт Лукаснинг Би-би-сига маълум қилишича, ёзувчи қўшимча жазо муддатига "дош бера олмаслиги мумкин".

"1999 йилда озодликдан маҳрум этилган Маҳмудов дунёда энг узоқ қамоқ муддатини ўтаётган ёзувчиларидан бирига айланди. У сил ва юқори қон босимидан азоб чекади... Биз унинг янги жазо муддатига дош бера олмаслиги мумкинлигидан чуқур хавотирдамиз. Биз уни дарҳол ва шартсиз озод этиш ҳақидаги талабларимизни давом эттирамиз..." - деб айтган Кэт Лукас.

Гулсара Маҳмудова Би-би-си билан суҳбатда турмуш ўртоғининг март ойида юрак хуружини бошдан кечирганини маълум қилди.

Унга кўра, Мамадали Маҳмудов "учрашувга ҳассатаёққа суяниб" чиққан.

"Аҳволлари жуда аянчли эди. Жуда озиб кетганлар. Аҳволлари жуда ёмон. Икки марта инфаркт бўлишди. Ошқозонларида яралари бор, қон босимлариям баланд," - деб айтди Гулсара Маҳмудова.

'Президент душмани'

Жумладан, ўзбекистонлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Дилором Исҳоқованинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, яқинлари Мамадали Маҳмудовнинг, ҳеч бўлмаса, шу йил авфга тушишига умид қилишаётганди.

"Ёши 73 га қараб кетаётган кекса ва жуда бемор одамни "жамиятга тинчликка хавф солувчи шас," деб кўрилиши, оддий қилиб айтганда, инсонфсизлик. Маҳкама қарори на қонун нада инсонийлик тамойилларига рост келади," - дейди таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқова.

Исҳоқова хоним Мамадали Маҳмудовнинг озодликка чиқарилмаслигини бир жумлада изоҳлайди: "Мамадали Маҳмудов президент душмани бўлса керак-да!"

Шўро даврида "Ўлмас қоялар" номли романи билан ном қозонган адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилгунига қадар икки марта қамоққа ташланган.

Қамоқхонада адибнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида бир неча марта хабар қилинган.

Адиб ва унинг оиласини яқиндан билган фаолларга кўра, ҳозирга қадар Мамадали Маҳмудовга нисбатан авф фармони қўлланилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ