Путин фазовий тадқиқотлар учун йирик маблағ ажратишга ваъда берди

Россия Президенти Владимир Путин фазо тадқиқотига 50 миллион доллар сармоя киритилишига ваъда берган.

Россиянинг узоқ шарқида қурилиши мўлжалланган янги “Восточный” космодроми учун ажратилган ҳудудга сафари чоғи жаноб Путин инсон бошқарувидаги илк фазо кемаси космодромдан 2018 йилда учирилишини билдирди.

Мамлакат фазовий тадқиқот дастури Совет космонавти Юрий Гагариннинг ер орбитаси бўйлаб қилган илк парвози даврига бориб тақалади.

Бу миссиянинг муваффақиятли кечгани 1961 йилнинг 12 апрелида эълон қилинганди.

Ундан бери юзлаб фазогирлар ва учувчисиз кемалар фазога сафар қилган, аммо ҳаммаси ҳам муваффақият билан якун топмаган.

Ўтган йили Россиянинг Фобос Грант фазо кемаси Миррих ойига сафарини амалга ошира олмай, ерга қулади.

Хитой билан чегарага яқин янги космодром худудига сафари чоғида жаноб Путин Россия ўзининг жаҳондаги энг қудратли фазо тадқиқотчиси мавқеини сақлаб қолиши кераклигини айтди.

Унга кўра, мамлакат фазо тадқиқотчилари муаммоларга эмас, балки келажакка асосий эътиборни қаратишлари лозим.

Жаноб Путин, шунингдек, россияликлар фазода оврўполик ва америкалик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлашда давом этишлари кераклиги, ҳамда фазода ўзаро таранг халқаро муносабатларни унутиш мумкинлигини айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ