Шимолий Корея инқирози: Керри Сеулда музокаралар ўтказмоқда

Жаноб Керрининг ташрифидан олдин АҚШ ҳукумати Шимол ядровий каллакли ракетани отишга қодир дея ҳисобот чиқарган
Image caption Жаноб Керрининг ташрифидан олдин АҚШ ҳукумати Шимол ядровий каллакли ракетани отишга қодир эканига оид ҳисобот чиқарган

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Корея ярим оролидаги чуқурлашиб бораётган тангликни муҳокама этиш учун Жанубий Кореяга ташриф буюрган.

Жаноб Керри тангликни Президент Пак Кин Хе ва Корея ташқи ишлар вазири, ҳамда у ердаги АҚШ ҳарбий қўмондонлари билан муҳокама қилади.

АҚШ расмийларига кўра, у Осиё бўйлаб сафари чоғида Хитойни Пхеньянга босим ўтказишга чақиради.

Жаноб Керрининг ташрифидан олдин АҚШ ҳукумати Шимол ядровий каллакли ракетани отишга қодир эканига оид ҳисобот чиқарган.

Мудофаа Жосуслик Агентлиги (DIA) чиқарган ҳисоботга кўра, Пхеньян ракетага ядровий каллак ўрнатувчи технологияни ишлаб чиққан.

Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Жон Садвортнинг айтишича, бу каби ҳужумни бартараф қилиш йўлида йиллаб дипломатик музокаралар олиб борилган.

Унга кўра, Шимолий Кореянинг баёнотлари қуруқ таҳдид дея менсимай келинган, аммо энди у ядровий қуролга эга экани борасидаги далил-исбот янгича стратегик муаммоларни уйғотади.

Бироқ, аввалроқ Пентагон Шимолий Корея бу каби қуролларни тўла ишлаб чиққани ва синаганини айтиш муболаға бўлишини ҳам айтганди.

Пентагон ўз баёнотида вазиятни яқиндан кузатаётганини айтган ва Шимолий Кореяни халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилишга чақирган.

Минтақавий дастак

Жаноб Керри давлат котиби этиб тайинланганидан бери илк марта Осиё бўйлаб сафар қилмоқда. Шанба куни у Пекинга, якшанба эса Токиога ташриф буюради.

Унинг сафари Жанубий Корея ўзининг шимолий қўшниси ядровий синовга тайёрланаётганига ишоралар туфайли ўта ҳушёр тортган пайтга тўғри келмоқда.

Пхеньян иккита Мусудан ракеталарини ўзининг шарқий қирғоғига жойлаштирган.

Уларнинг қандай масофага учишга қодирлиги борасидаги ўлчовлар турлича, бироқ баъзи башоратларга биноан, ракеталар 4 минг километрга учишга қодир.

Бу Гуамдаги АҚШ базаларини ҳам хавф остига қўяди. Аммо, Мусудан ракеталари аввал синаб кўрилмаган.

Жаноб Керри ўзининг узоқ режаланган сафари чоғида аввалига президентнинг Кўк Уйида Пак хоним билан учрашади, сўнгра эса ўз ҳамкасби Юн Бьюн Се билан музокаралар олиб боради.

Керри билан сафар қилаётган Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Ким Ғаттаснинг айтишича, Шимол билан муносабатларда дипломатия кўп иш бермайди, аммо Вашингтон бу ташриф билан ўз иттифоқчилари бўлмиш Сеул ва Токиони Америка дастагига ишонтирмоқчи.

Улар ракета отилган тақдирда қандай амал қилиш ва тангликдан чиқиш йўлларини муҳокама қиладилар.

АҚШ расмийлари жаноб Керри Пхеньяннинг энг сўнгги иттифоқчиси бўлган Хитойга тангликни аритиш йўлида босим ўтказишини айтганлар.

“Биз Хитой қандайдир йўл билан ўз таъсирини ўтказишини хоҳлаймиз, акс ҳолда бу вазият бутун минтақани беқарорлаштиради”, - деб айтган жаноб Керри учоқдаги мухбирларга.

“Хитой учун барқарорлик ўта муҳим, Шимолий Кореянинг тўхтовсиз ядровий қуролга интилаётгани эса ана шу барқарорликнинг душманидир. Биз ва Хитой орамизда ягона мақсад бор, у ҳам бўлса ядровий қуроллар тарқалишини тўхтатиш”, - деди Керри жаноблари.

АҚШ Президенти Барак Обама Пхеньянни “ҳарортани пасайтириш”га чақирган ва АҚШ ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришини айтган.

Айни дамда Хитой Шимолий Корея билан чегарасига ўз қўшинларини жойлаштиргани борасидаги хабарларни рад қилган.

Пекиндаги мудофаа расмийси Хитой Корея ярим оролидаги вазиятни яқиндан кузатаётгани ва Шимолий-шарқий осийдаги тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишга бел боғлаганини айтган.

Шимолий Кореяда айни дамда афтидан байромона кайфият ҳукм сурмоқда. Душанба куни мамлакат аҳли ўз доҳийси Ким Ир Сеннинг туғилгани кунини нишонлайди.

Айни кунда ядровий ракета синови ҳам амалга оширилиши башорат қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ