Венесуэлаликлар Уго Чавес сиёсий ворисини сайламоқдалар

Венесуэлада саратондан вафот этган Уго Чавес ўрнини эгаллайдиган президентни сайлаш учун овоз бериш бошланган.

Президентлик сайловида Чавес саломатлиги ёмонлашган пайтда Венесуэла президенти вазифасини ижро этувчи бўлган Николас Мадуро ва мухолифат раҳбари, Миранда штатининг ҳокими Энрике Каприлес рўйхатга олинганлар.

Мамлакатда 19 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эгалар.

Сайлов участкалари 14 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 6:30 да очилган ва овоз бериш 10 соат давом этади.

Николас Мадуро марҳум президент Уго Чавес ўринбосари, вице-президент лавозимини эгаллаган.

50 ёшли жаноб Мадуро сайловолди тарғиботида ўзининг Уго Чавесга қанчалар яқин эканини намойиш этишга интилган.

Венесуэла давлат телевидениеси Николас Мадуронинг Уго Чавес қабрини зиёрат қилганини кўрсатган.

Унинг мухолифи 40 ёшли Энрике Каприлес эса жаноб Мадурони сайлов қонунини бузишда, хусусан, ўз сайловолди тарғиботида давлат телевидениесидан фойдаланишда айблаган.

Би-би-сининг Каракас шаҳридаги мухбири Уилл Грантнинг хабар қилишича, икки номзод ҳам мамлакатнинг сайлов қонунини бузган.

Чунки қонун бўйича сайловолди тарғиботи 11 апрел пайшанба куни тўхтатилиши ва ундан кейин матбуотда чиқишлар тақиқланиши керак эди.

Ўшандан кейин номзодлар матбуотда пайдо бўлганлар.

Миранда штатининг ҳокими Энрике Каприлес 2012 йил октбярида Венесуэлада ўтказилган президентлик сайловида ўз номзодини марҳум Уго Чавесга қарши қўйган ва озгина фарқ билан сайловда ютқазган эди.

Уго Чавес икки йил давом этган саратон хасталигидан шу йил 5 мартида вафот этди, унинг қайси органи саратонга чалингани ошкор этилгани йўқ.

Шундан кейин президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинди.

Сўров натижаларига кўра, аксар венесуэлаликлар Николас Мадурони дастаклаганлар, бироқ сайлов куни яқинлашгани сайин икки рақиб номзодни дастакловчилар нисбати тобора яқинлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ