Собиқ Шўро давлатлари "биринчи хонимлари" сиёсий саҳнанинг қаерида?

Михаил Горбачев ва Раиса Горбачева
Image caption Михаил Горбачев ва Раиса Горбачева 1989 йил

Маргарет Тэтчер Михаил Горбачев ва унинг рафиқаси Раиса билан жуда апоқ-чапоқ бўлгани маълум.

Ўтмишда сирли туюлган Шўро раҳбарлари ўз умр йўлдошлари ва оилаларини назардан четда сақлашган. Аммо, собиқ Шўро республикалари "биринчи хонимлари" бугун қанчалар кўзга яқин?

1980 йиллар охирларида ўта дид билан кийинадиган ва гапга чечан Раиса Горбачева Ғарб матбуотининг севимли қаҳрамонига айланганди.

Аммо, мамлакат ичкарисида кўплар уни хорижда машҳур қилган жозибасини хушлашмасди.

Горбачева хонимнинг ажойибу ғаройиб либослари ва кўпда матбуот диққатида бўлган ялтироқ қиёфаси нураб бораётган коммунист мамлакатидаги реалликка қарама-қарши қўйиларди.

Шўролардан кейин Россия биринчи хонимига айланган Наина Елцина эса, у қадар кўзга яқин эмас эди. Аммо, унинг ҳам ўзига хос қиёфаси ва овози бор эди.

Қолган Славян давлатлари президентлари рафиқалари эса, эски Шўро анъанасига мувофиқ камерадан узоқроқ туришни афзал билишади.

'Авторитар монарх'

Image caption Владимир Путин рафиқаси Людмила билан сўнгги бор 2012 йил қасамёд маросимида кўринганди

Людмила Путина омма қаршисидаги қиёфасини турмуш ўртоғининг Россия президенти сифатидаги глобал ролига солиштириш мушкул.

Яқинда унинг сурати журналлардан бири ялтироқ муқовасини безади. Бироқ, уч марта Россия биринчи хонимига айланган Людмила Путина омма кўз ўнгида шу қадар кам кўриниш берадики, 2012 йил майида эрининг қасамёд қилиш маросимида иштирок этгани бўйи у ўтган март ойи охирларида мукофот топшириш тантанасида пайдо бўлди.

Унинг расмий маросимда камнамолиги эса, матбуотда турлича муносабатлару миш-мишлар урчишига сабаб бўлади.

Россиялик мустақил журналист Михаил Фишманнинг таъкидлашича, Путина хонимнинг мамлакат биринчи хоними ўлароқ ҳозирлиги "нольга тенг".

Унинг фикрича, оила ҳукмдорга очиқ ва ақлли қиёфа беради. Шундай экан, "Президент Путин - авторитар монарх ўзини ягона ва Худодек қабул қилишларини истайди".

Ёдда қолган нутқ

Украина президенти рафиқаси Людмила Янукович эса, қарийб кўздан панада.

Image caption Людмила Янукович 2004 йил Нориж инқилоби пайти сўзлаган нутқи ҳамон эсланади

Хабарларга кўра, мамлакат биринчи хоними турмуш ўртоғи раҳбарлигидаги партия таянч нуқтаси - Донецкда хилватда яшайди. У минтақада ўтказиладиган тадбирларда камдан-кам кўриниш беради, Киевга эса, деярли келмайди.

Ҳатто, 2010 йил Виктор Янукович президент этиб сайланганида ҳам у саҳнада йўқ эди.

Людмила Янукович ўзининг энг ёдга қолган нутқини 2004 йил Нориж инқилоби пайтидаги намойишда ирод қилганди. Ўшанда жаноб Янукович бош вазирлик вазифасида ва президентлик учун беллашарди.

Людмила Янукович ўз чиқишида рақиб ғарбпараст жамлоқни ўз тарафдорларига АҚШда ишлаб чиқарилган кигиз этиклар ва дори қўшилган норинжлар тарқатаётганликда айблаганди.

Унинг бошидаги қийшиқ бостирилган берети ва дағал, ғализ жумлалари қарийб 10 йил ўтиб ҳам эсга олинади ва мазах қилинади.

Украиналик таниқли журналист Сергей Лечченкога кўра, афтидан, айнан ўша нутқ унинг ғойиб бўлишига сабаб бўлган.

Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар сиёсати ажралмас қисми бўлган "биринчи хоним" тушунчаси ҳали собиқ Шўро республикаларида илдиз отганича йўқ. Чунки, бу давлатлар кўплаб раҳбарлари СССР даврида дунёга келган ва ўша давр тарбиясини олган. Шундай экан, уларнинг дунёга қарашлари ҳам ўхшаш.

"Биринчи ўғил"

Беларуслик мутахассис Валерий Карбалевичнинг айтишича, "раҳбарлар хотинларини кўз-кўз қилмаслик" анъанаси омма онгида чуқур из қолдирган.

Image caption Ота ўғил...

Беларус - Шўро усулида бошқариладиган авторитар давлат. У ерда "биринчи хоним" йўқ. Яқин йиллардан бери Президент Лукашенкога, ҳатто, расмий маросимларда ҳам, унинг ўғли Николай ҳамроҳлик қилади.

Қасамёд маросимидан тортиб, қатор хорижий сафарларгача болакай отасининг ёнида туриб беради. Венесуэланинг яқинда оламдан ўтган раҳбари Уго Чавезни сўнгги йўлга кузатиш маросимида ҳам у Президент билан бирга эди.

Отасига ёнма-ён чурқ этмай турадиган, сариқ соч ва ўта пўрим кийинган Николай бугун қарийб биринчи хоним ўрнига ўрин сифатида кўрилади.

Мухолиф вебсаҳифалари эса, жаноб Лукашенкони тез-тез ўзидан анчайин ёш аёллар қуршовида кўриш мумкинлигини иддао қилишади.

Шарқона парадокс

Қайтага, анчайин анъанадор ва патриархал ҳисобланадиган Марказий Осиё биринчи хонимлари анчайин фаол дейиш мумкин.

Image caption Татьяна Каримова Президентга хорижий сафарларда ҳамроҳлик қилади

Аммо, Ўзбекистон биринчи хоними Татьяна Каримова шахси баҳсли ва казо-казолар даврасини севадиган тўнғич қизи Гулноранинг соясида қолиб кетгандек.

Шунга қарамай, Татьяна хайрия дея тақдим этиладиган ишларда иштирок этади ва баъзан турмуш ўртоғи Президент Ислом Каримов билан расмий хорижий сафарларга чиқиб туради.

Президент Каримов Ўзбекистонни ўта қаттиққўллик билан назорат қилади. Ҳар қандай мухолиф ва ё ўзгача фикр бўғилади. Бу тахлит ном чиқариши унинг оиласи ва қудратига соя солади.

Қўшни Қозоғистон биринчи хоними Сара Назарбоеванинг расмий биографиясига қаралса, у кўп йиллардан бери хайрия лойиҳаларини бошқаради ва 6та китоб ёзишга улгурган.

Озарбайжоннинг Меҳрибон Алиеваси эса, ақлни шоштирадиган даражада модапараст, шарқдаги биринчи хонимлар орасида энг машҳури сифатида тилга олинади.

Турли маданий ва "хайрия" дастурлари унинг қўлидалиги билан эри - Президент Илҳом Алиевни сояда қолдириши айтилади.

Image caption Меҳрибон Алиева Президент эридан кўра машҳурроқ экани айтилади

Аммо, ҳукмдор оиланинг қиёфаси ўта эҳтиёткорлик бошқарилади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар эса, ҳукуматни демократияни буғаётганлик ва диссидентларни қамоққа ташлаётганликда айблайди.

Озарбайжон, шунингдек, Трансперенси Интернешнл томонидан коррупция даражаси юқори давлатлар қаторига киритилган.

Нима дейилмасин, шифокорликдан таълим олган ва ҳозир парламент аъзоси Алиева хоним Янги Озарбайжон Партиясида анча фаол. Бир неча йил муқаддам у 2013 йил турмуш ўртоғининг ўрнини олиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам тарқалганди. Аммо, ҳозир бу миш-мишлар анча пасайган.

Бу мавзуда батафсилроқ