Венесуэладаги сайловда Уго Чавес ўринбосари ғалаба қозонган

Венесуэла Марказий сайлов комиссияси 14 апрел тунида эълон қилишича, 50,76 фоиз овоз тўплаб мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Николас Мадуро сайловда ютиб чиққан.

Марказий Сайлов комиссияси президентлик сайлови натижаларини маҳаллий вақт билан соат 23:15 да эълон қилган.

Сайлов комиссиясига кўра, социалист номзод Николас Мадуро 50,76 фоиз, унинг рақиби, мухолифат номзоди Энрике Каприлес 49,07 фоиз овоз тўплаган.

Венесуэлаликларнинг 80 фоизи овоз беришда иштирок этганлари хабар қилинган.

Комиссия эълони ортидан пойтахт Каракасдаги президентлик саройида гапирган Николас Мадуро сўзларига кўра, у "ҳаққоний, қонуний ва конституцион" ғалабага эришган.

Энрике Каприлес сайлов натижаларини тан олишдан бош тортган.

Унинг айтишича, якшанба куни сайлов қонуни бузилгани ҳақидаги 300 мингдан ортиқ ҳолат ҳақида ахборот олган.

Олдинроқ мухолифат номзоди ҳукумат сайлов натижаларини сохталаштиришни режалаштираётгани ҳақидаги баёнот билан чиққан эди.

Венсуэла Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини "қайтариб бўлмас" деб таърифлаган, норозилик амалиётларини ташкил қилмасликка чақирган.

Николас Мадуро тарафдорлари унинг ғалабаси ҳақидаги хабарни пойтахт Каракасда мушакбозликлар ва автомобили сигналларини чалиш билан қарши олганлар.

Жаноб Мадуро сўзларига кўра, ўзининг ғалабаси "Уго Чавеснинг енгилмас эканлигини, у ҳамон жангларда ғалабага эришаётганини" кўрсатади.

У ўзи учун овоз бермаганларни мамлакат келажаги учун "бирга ишлашга" чақирган.

Уго Чавес икки йил давом этган саратон хасталигидан шу йил 5 мартида вафот этди, унинг қайси органи саратонга чалингани ошкор этилгани йўқ.

У ўтган йили октябрида Венесуэлада ўтказилган президентлик сайловида Энрике Каприлес устидан кам фарқ билан ғалаба қозонган, бироқ ўз ваколатларига кириша олмасдан Кубага даволанишга кетишга мажбур бўлган эди.

Уго Чавес Николас Мадурони ўзининг вориси деб эълон қилган, Чавес йўқлигида мамлакат бошқаруви Николас Мадуро қўлида қолган эди.

У Уго Чавеснинг инагурацияси белгиланган шу йилнинг январ ойидан буён Венесуэла президенти вазифасини адо этувчи бўлиб қолмоқда.

Николас Мадуронинг президент сифатида қасамёдга келтирилиши 19 апрелда бўлиб ўтиши лозимлиги хабар қилинмоқда.

Ўшанда у Уго Чавес тўла адо этиши талаб қилинган 6 йиллик президентлик муддатида 2019 йил январигача қола олади.

Бу мавзуда батафсилроқ