2014 йилдан кейин: Россия Афғонистонга қайтадими?

Image caption 'Россия Афғонистон учун ҳар қандай ёрдам беришга тайёр, аммо бу мамлакатга энди ҳеч қачон ҳарбий куч жўнатмайди'

Россия Афғонистон учун ҳар қандай ёрдам беришга тайёр, аммо бу мамлакатга энди ҳеч қачон ҳарбий куч жўнатмайди.

Бу борада Би-би-сига гапирган Россиянинг Кобулдаги элчиси Москва энди бу мамлакатда на мустақил тарзда, на Нато таркибида бирон бир ҳарбий база барпо этмайди, деб айтди.

Агар, ҳатто, Афғон ҳукумати қандайдир ҳарбий қурол-аслаҳа истаса ҳам, бу учун фақат пул тўлаб, сотиб олиши мумкин.

Лекин Москва иқтисодий ҳамкорлик ва ёрдам бобида Афғонистон билан муносабатларини кучайтириш умидида.

Россия қайсидир шакл ва йўлда бўлмасин, Афғонистонга қайтиши керак, деган фикрлар бугун бу мамлакатда кўп айтилмоқда.

Айни фикр тарафдорлари аввалгидек ҳарбий аралашув эмас, балки Афғонистонга иқтисодий кўмак ва уни саноатлаштириш йўлларини таклиф қилишади.

Аммо бу фикрлар дунёда эски иттифоқчи тузумларини бой бераётган аламнок Кремль мавқеини кўпроқ англатадими ва ёки Россиянинг Афғонистонда кўзлаган аниқ мақсадлари борми?

Биз шундай савол билан Москвадан таҳлилчи Гейдар Жамолга мурожаат қилдик:

Гейдар Жамол: Ҳозир Россия учун муҳим масала бу - Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайни қўллаб-қувватлашдир. Чунки озод Афғонистон таъсирида Марказий Осиёда ҳам кескин ўзгаришлар рўй бериши Кремлни хавотирга солади. Марказий Осиёнинг ўзгаришини эса Америка жуда истайди. Вашингтон бу минтақа аксил-Хитой ҳудудига айланишини ният қилади. Россия эса икки ўт орасида қолмоқда. Аввало, Москва ҳозир Америкага қарши бора оладиган аҳволда эмас. Лекин Марказий Осиё минтақаси аксил-Хитой ҳудудига айланишига ҳам қарши. Шу боис бу минтақага яқин келиб, ўз таъсирини ушлаб туриш Москва учун энг мақбул йўл. Аммо бу учун Афғонистонда ўзининг яққол иштирокини намоён қиладиган эмас. Америка ҳозир Хитой давлатини ўраб олмоқчи, Марказий Осиё эса ана шу ҳалқанинг ажралмас бир қисмидир.

Би-би-си: Лекин Америкага ўз мухолиф мавқеини намойиш этишни хуш кўрадиган Россия Афғонистонни ташлаб қўя ҳам олмайди унда?

Гейдар Жамол: Россия бу борада танлов имконига эга эмас - Москва бу масалада собиқ Шўролар Иттифоқи мавқеида эмас. На етарли маблағи, на мутахассислари ва ё на мафкураси бор. Бунинг учун махсус хизматлари кучли бўлиши, дипломатик иқтидори катта бўлиши шарт. Хуллас, нимани таклиф қилиб кириб бора олади? Деярли ҳеч нимани. Россияда айрим таҳлилчилар ёзаётган таъсиримизни оширайлик деган гаплар эса асоссиз, қуруқ чиранишдан бошқа нарса эмас. Менимча, бу асоссиз, қуруқ чираниш. Кўпроқ руҳий бир ҳолатдир. Афғонистоннинг Россияга қараши кўпроқ сиёсий важларга тақалади. Шу боис Россия жуда қаттиқ ҳаракат қилмаса ва катта маблағ ташламаса, бу борада ҳеч қандай натижага эриша олмайди.

Би-би-си: Бу ўринда эса ҳозир Россиянинг истаги катта, лекин имкони чекланган демоқчимисиз?

Гейдар Жамол: Россиядаги тузум ҳозир бундай мақсадга эга эмас. Улар кўпроқ ўзининг яшаб қолиши ғамида. Москва ҳозир узоқ муддатли стратегик режаларига эга эмас. Ҳатто, истак бўлганида ҳам бу жабҳада етарли мутахассислар етишмайди. Шу боис Россия қандайдир номига алоқаларни кўрсатадиган амалларга йўл уриши мумкин. Масалан, Карзай ҳукумати билан қандайдир бирон иқтисодий келишувларни имзолаши мумкин. Қандайдир техник кўмак кўрсатиши мумкиндир. Бошқа томондан, Карзай ҳукумати қўғирчоқ ҳукумат саналади ва у аслида афғонлар ҳаётини тўла қамраб ололгани йўқ, мамлакатни ҳам тўла назорат қилмайди. Хуллас, Россия аксил-Нато мухолифатига таъсир қилиш мавқеида эмас. Бу унинг қўлидан келмайди. Россияда четда ўз таъсирини ўтказиш учун ҳозир бирон мафкуранинг ўзи йўқ.

Би-би-си: Лекин Россия иқтисоди кенгаймоқда, иқтисодий қудрати ошиб, яна эски сиёсий таъсири ва мавқеини қайта қўлга олади деган фикрлар ҳам бор-ку?

Гейдар Жамол: Бугунги Россия бу - Ғарбнинг хомашё манбаи. Ўзини гуё халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тутишга интилади, аммо бу ҳам аслида Ғарбнинг манфаати учун хизмати қилади. Россияни, ҳатто, тўла мустақил давлат деб аташнинг ўзи ноўрин туюлади. Жумҳурраис Путиннинг Ғарбга қарши қилиб турадиган баъзи ишлари ва ҳаракатлари ҳам Америка тарафидан маъқулланиши керак. Бошқа ҳеч нарса эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ