Британия: Маргарет Тэтчернинг дафн маросими бўлиб ўтди

Ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтган дафн маросими ортидан, британ собиқ Бош вазирининг жасади кремация этилади.

Дафн маросимида Уинстона Черчилникидан кейин илк маротаба Қиролича Елизавета Иккинчи ҳам иштирок этган.

Британиянинг амалдаги Бош вазири Девид Камерон бугунги дафн маросими билан "Буюк Бош вазир руҳига лойиқ даражада ҳурмат бажо айлаш"ганини таъкидлаган.

Собиқ Британия Бош вазирининг дафн маросими британ вақти билан соат 11:00 да бошланди.

Маросимнинг тинч ўтиши учун кучли хавфсизлик чоралари кўрилган ва 4.000 дан ортиқ полиция ходимлари жалб этилганди.

Тэтчер хонимнинг жасади Вестминстердан Лондон маркази оша олиб ўтилган ва Авлиё Павел ибодатхонасига келтирилган.

Собиқ британ Бош вазирининг дафн маросимида дунёнинг 170 давлатидан икки мингдан давлат раҳбарлари, Бош вазирлар ва ташқи ишлар вазирларининг иштирок этишди.

"Темир хоним" билан видолашиш учун яна минглаб лондонликлар кўчаларга ҳам чиқишган.

Маргарет Тэтчернинг тобути авлиё Павел ибодатхонасидан олиб чиқилгач, ҳамма аста-секинлик билан тарқалган.

Тэтчер хонимнинг жасади куйдириш учун энди Лондон жануби-ғарбидаги Мортлейк крематорийсига олиб кетилган.

Жараёнга фақат унинг яқинлари ва дўстлари таклиф этилганлар.

Шундан сўнг, собиқ Бош вазирнинг ҳоки турмуш ўртоғининг қабри ёнига қўйилиши айтилмоқда.

Тэтчер хоним Британияга 1979 йилдан 1990 йилгача Бош вазирлик қилган.

У Британия тарихидаги ҳозирча ягона аёл Бош вазир саналади.

Маргарет Тэтчер 8 апрел куни 87 ёшида миясига қон қуйилиши натижасида ҳаётдан кўз юмганди.

Тэтчер хоним сиёсий меросига бир назар...

‘Одмироқ дафн маросими’

Маргарет Тэтчер собиқ Бош вазир эканига қарамай, унинг шарафига давлат миқёсида дафн маросими уюштирилмади.

Унинг руҳига ҳарбийча иззат-ҳурмат кўрсатилди. Бунинг нуфузи эса, бироз пастроқ саналади.

Британия тарихида Тэтчер хонимгача бирор бир Бош вазирнинг ўлими бу каби баҳсу мунозаралар ва қарама-қарши фикрларга сабаб бўлмаган.

Британ аҳолиси орасида у юритган сиёсатдан ҳануз аламзада бўлган инсонлар озмунча эмас.

Шу сабабдан ҳам, Тэтчер хонимнинг дафн маросими чоғида Британиянинг исталган бурчагида намойишлар уюштирилиши мумкинлиги айтилганди.

Лондон полициясининг билдиришича, йўл-йўлакай кичик-кичик норозилик чиқишлари кузатилган. Аммо бирор бир жиддий тартибсизликлар юз бермаган.

Би-би-си мухбирига кўра, душанба куни Американинг Бостон шаҳрида амалга оширилган қўшалоқ портлаш бугунги дафн маросими учун режаланган хавфсизлик чораларига жиддий таъсир қилмаган.

Аммо полиция кучлари ва аҳолининг янада ҳушёрроқ бўлишлари кутилганди.

Полицияга, “таҳдид қилган, ҳақоратли сўз қўллаган ёки ўзини номақбул тутган” ҳар қандай кишини ҳибсга олиш ҳуқуқи ҳам берилганди.

Тэтчер хонимнинг британ байроғига ўралган тобути сешанба куни тунда Вестминстер саройи ибодатхонасига қўйилган ва оила аъзолари, парламент аъзолари ҳамда ҳукумат вакиллари иштирокида қисқа дафн маросими ўтказилганди.

Дафн маросими чоғида Биг Бен соатлари ҳам сукут сақлади.

Бу мавзуда батафсилроқ