Футбол: Афғон мужоҳидлари собиқ Шўравийларга мағлуб бўлишди

Шўролар Иттифоқи ишғоли даврида жанг майдонида тўқнашган собиқ рақиблар бу гал Кобулнинг Олимпия стадионида уюштирилган ўртоқлик учрашувида бир-бирларига қарши майдонга тушишди.

Икки “ашаддий рақиб” ўртасида ўтказилиши режаланган уч учрашувдан дастлабкиси 1:0 ҳисобида Шўравийлар фойдасига ҳал бўлди.

РИА-Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, “Шўравийлар” жамоаси таркибидаги 22 футболчи бутун собиқ Иттифоқ ҳудудидан юзлаб даъвогарлар орасидан танлаб олинган.

Улардан барчасининг афғон уруши фахрийлари эканликлари айтилади.

Мезбонлар ҳам Шўравийлар билан тенгдош ва футболга бефарқ бўлмаган собиқ мужоҳид афғонлардан ташкил топган.

Аён бўлишича, ҳар икки рақиб жамоадан ҳам аъзоларининг ёшлари камида 40 да бўлиши талаб қилинган.

Икки собиқ рақиб ўртасидаги ўртоқлик учрашувини томоша қилиш учун Афғонистон Футбол Федерациясига тегишли стадионга икки юзга яқин томошабин йиғилган.

Кобулдаги мазкур стадион қарийб 5.000 кишига мўлжалланган эса-да, хавфсизлик хавотирлар боис, антиқа эса-да, футбол учрашуви ортиқча шов-шув қилинмаган.

Ўйин чоғида хавфсизликни таъминлаш учун эса, ўнлаб афғон аскарлари ва полиция ходимлари ҳам жалб этилишган.

Футбол ва Уруш

Афғонистон пойтахти Кобул денгиз сатҳидан икки минг метрча баландликда жойлашган.

Шу боис ҳам, Шўравийлар жамоасининг иқлимга тезда мослашиб кетишлари қийин бўлишини назарда тутиб, ўйин вақти 30 дақиқага қисқартирилган.

Томонлар ҳар бир бўлимда 45 дақиқанинг ўрнига 30 дақиқадан тўп суришган.

Ораларида футбол ўйнашга нўноқлари ҳам бўлса-да, ўйинда Шўравийларнинг қўллари баланд келган.

Бу каби тадбирдан мақсад Шўролар ишғоли давридан қолган дилхираликни орадан кетказиш экани айтилса-да, ўйинда қайд этилган натижа ҳаммани хурсанд қилмагани аниқ.

Чунки собиқ Шўролар Иттифоқининг 10 йиллик ишғоли остида бир миллионга яқин афғон ҳалок бўлган.

Миллионлаб афғонлар ўз юртларини тарк этиб, Эрон ва Покистон каби қўшни давлатлардан бошпана топишган ва улардан аксарияти орадан шунча йил ўтиб ҳам, ўз Ватанларига қайтолмай ҳалаклар.

Шўролар Армиясининг ўзи ҳам афғон урушида 15.000 аскарини бой берган.

Хабарларга кўра, собиқ рақиблар Афғонистонда учта ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалашган.

Қолган икки учрашувдан бири собиқ Шўроларга қарши қақшатқич қаршилик кўрсатгани билан тилга тушган Панжшер ва сўнггисининг эртага 21 апрел куни Ўзбекистонга қўшни шимолий Мозори Шариф шаҳрида бўлиб ўтиши айтилмоқда.

12 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан келаси йили АҚШ бошчилигидаги хорижий иттифоқ кучлари ортга сафарбарликни режалашар экан, Афғонистондаги вазият яна Россиянинг диққат-эътиборига тушган.

Россия томони 2014 йилдан кейин Афғонистон яна “террорчилик ва бангивор моддалар уясига айланиши”дан жиддий хавотирда.

Аммо, агар сўнгги баёнотларига қулоқ тутилса, расмий Кремль Афғонистон учун исталган ёрдамни беришга тайёр, бироқ энди бу мамлакатга ортиқ ҳеч қачон ҳарбий қўшин жўнатмоқчи эмас.

Расмий Москва бу гал иқтисодий ҳамкорлик ва шу кўринишдаги турли кўмаклар орқали Афғонистон билан муносабатларини кучайтириш умидида.

Бу мавзуда батафсилроқ