Хитой зилзила қурбонларига етишга қийналаяпти

Image caption Зилзиланинг тоғли ҳудудда юз бергани қутқарув ишларини қийинлаштирмоқда

Хитойда қутқарувчилар Сичуан вилоятининг чекка тоғли қишлоқларида юз берган 6.6 балли зилзилада омон қолганларга етиб боришга қийналаяптилар.

Давлат матбуотига кўра, ер қимирлаши 203 одамни ўлдирган ва 11 мингдан ошиқ одамни яралаган. Яраланганлар орасида 960 киши оғир жароҳат олган.

Зилзила ортидан кўчган ер йўлларни босиб қолгани туфайли ёрқин норинж устбошлардаги қутқарувчилар пиёда чекка қишлоқларга йўл олишган.

Аскарлар туни билан қишлоқларда омон қолганларни ахтаришган ва яраланганларга тиббий ёрдам кўрсатишган, маҳаллий аҳоли эса қўлбола бошпана ва машиналарда тунни ўтказганлар.

Бош Вазир Ли Кецян қутқарув ишларини ўз назорати остига олган ва қутқарув "бизнинг энг бош вазифамиз" деб айтган.

Шанба куни тикучарда етиб келган жаноб Ли касалхоналар ва чодирларни бориб кўрган, ҳамда вайронагарчиликни кўриш учун харобалар устига тирмашиб чиққан.

Зилзила марказига энг яқин бўлган Яан шаҳридаги Би-би-си мухбири Жон Садворт шаҳар касалхонаси ташқарисидаги вақтинчалик тиббий марказда ўнлаб одамлар ҳали ҳам муолажа олаётганини айтган.

Лушан ҳудудидаги кўплаб қишлоқлар буткул харобага айланганлар.

Шанба куни эрталабки соат 08:02да юз берган зилзила ортидан яна бир неча бор ер қимирлаган.

Ўз уйидан айрилган ва қўли синган 68 ёшли маҳаллий аёл "тоғ тирилгандек бўлган"ини айтди.

Хитой қатор давлатлар, хусусан Шарқий Хитой денгизидаги ороллар туфайли баҳсга киришган Япониянинг ёрдам таклифини рад қилган.

Пекин ҳозирча ёрдамга муҳтож эмаслиги, аммо вазият ўзгарча Токиога бу ҳақида хабар беришини билдирган.

Яан шаҳар ҳокимияти расмийси Чен Йонг қурбонлар сони анча ортиши борасида хавотирлар борлигини айтди.

"Баъзи чекка тоғли қишлоқларда ҳали вазият қандайлигини умуман билмаслигимиз мумкин", - деди у.