Алишер Усмонов - Британия ва Ирландиянинг энг бадавлат шахси

Image caption Алишер Усмонов матбуотга жуда камдан-кам ҳолда интервью беради

Ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов 13.3 миллиард фунт стерлинг (20.26 миллиард доллар) билан Британия ва Ирландиядаги энг бадавлат шахслар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган. Рўйхат Лондонда чоп этилувчи Sunday Times газетасида ҳар йили нашр қилинади.

Лондон ташқарисидаги Саррей туманида яшовчи 59 ёшли тадбиркор Арсенал футбол клубининг 30 фоиз ҳиссаларига, ҳамда Металлоинвест темир ишлаб чиқариш ширкатига эгалик қилади.

25 йилдирки чоп этилаётган бадавлат шахслар рўйхатида бу йил Уорнер Мюзик ширкатининг раҳбари Лен Блаватник 11 миллиард фунт стерлинг билан иккинчи ўринни эгаллаган. Пўлат корчалони Лакшми Миттал 10 миллиард фунт стерлинги билан биринчи ўриндан тўртинчи ўринга тушиб қолган.

Британия ва Ирландиядаги 1000та энг бадавлат кишиларнинг умумий ҳисобдаги бойлиги 450 миллиард фунт стерлингдир.

Рўйхатда Британияда туғилган шахслар орасида энг юқори ўринни 7.8 миллиард фунт стерлинги билан Вестминстер Герцоги эгаллаган. Умумий рўйхатда саккизинчи ўринда бўлган герцог 25 йил ичида энг юқори ўнликдан тушмаган ягона шахсдир.

Вирджин ширкати асосчиси Сэр Ричард Брансон 3.5 миллиард фунт стерлинги билан 19-ўринда, Челси футбол клубининг россиялик эгаси Роман Абрамович эса 9.3 миллиард билан учинчидан бешинчи ўринга тушган.

Учинчи ўринда Лондонда жойлашган йирик Хиндужа Груп конгломератининг ака-ука эгалари Сри ва Гопи Хиндужалар. Уларнинг бойлиги 10.6 миллиардга тенг.

Собиқ Британия гўзаллик танлови ғолиби Керсти Бертарелли 7.4 миллиард фунт стерлингига эри Эрнесто билан эгалик қилади. Бу ўтган йилги миқдорга тенг, аммо бу йил жуфтлик уч ўрин пастга тушишган.

Рўйхатдаги миллиардерлар сони рекорд 88тага етган. Ўтган йили миллиардерлар сони 77та эди, рўйхат 1989 йилда бошланганида улар атиги тўққизта бўлган ва рўйхатда Қиролича устунлик қилган.

Усмоновнинг бизнес ва сиёсий амбициялари

Жаноб Усмонов ўз бизнес империясини пластик пакетлар ишлаб чиқариш билан бошлаган.

Унинг бизнес манфаатларига Россиянинг энг йирик темир ишлаб чиқарувчи Металлоинвест ширкати, mail.ru ва Фейсбук интернет бизнеси, ҳамда МегаФон телефон операторидаги ҳиссалар киради.

Жаноб Усмонов нефть магнати Жей Пол Геттининг Саррейдаги собиқ саройи Саттон Плейс, ҳамда шимолий Лондондаги 48 миллион фунтлик уйга эгалик қилади.

У ўтган ой Форбс журналининг Россиядаги энг бадавлат одами дея топилганди.

Алишер Усмонов бундан аввал ҳам журналнинг йиллик рўйхатида Россиянинг бадавлат одамлари қаторидан жой олиб келган.

Аммо, фақат ўтган йил Россиядаги барча миллиардерларни ортда қолдириб, илк бор пешқадамликка чиқиб олганди.

У сўнгги йилларда асосан тоғ-кон саноатидан катта фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига катта пул киритмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида у Фейсбук ижтимоий тармоғи орқасидан қарийб 1 миллиард доллар фойда кўрган. Россиядаги учта йирик мобил операторларидан бири бўлган МегаФон назоратини ўз қўлига олган.

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган Усмонов, британ матбуоти маълумотларига кўра, 80-йилларда давлат мулкини ўғирлаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йил қамоқда ўтирган.

Усмоновнинг ҳимоячилари унга қарши айблар Совет даврида ташкиллаштирилган бўлгани ва жаноб Усмоновнинг Михаил Горбачев раҳбарлиги даврида тамоман оқланганини айтишган.

2007 йилда Гардиан рўзномаси билан электрон почта орқали суҳбатда жаноб Усмонов Ўзбекистон ё бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтган.

Жаноб Усмонов Кремль уни президент Каримовга эҳтимолий меросхўр сифатида кўриши ҳақидаги тахминларни "ўзини кремлшунос деб атайдиганларнинг фантазияси" деб атаган.

У Президент Ислом Каримов ва унинг қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини билдирган. Бироқ, яқинда Ўзбекистон Бош Вазири Шавкат Мирзиёевга қуда бўлиши ортидан, унинг сиёсий амбициялари борасидаги башоратлар яна қизиган.