АҚШ матбуоти: Царнаев саволларга ёзма жавоб бермоқда

Image caption Портлаш қурбонлари хотирланмоқда

АҚШ матбуотидаги тасдиқланмаган хабарларга кўра, Бостон портлашлари гумондори ўзига келган ва саволларга ёзма равишда жавоб қайтармоқда.

Би-би-сига гапирган ФҚБнинг Бостондаги бўлинмаси ва шаҳар полиция хизмати бу хабар улар томонидан тарқатилмаганини айтган.

Федерал Қидирув Бюроси фақат Царнаевнинг аҳволи жиддий деган маълумотни бера олишини айтган.

Аввалроқ, Бостон мэри Том Менино "ABC News" агентлигига: "Биз ушбу шахсни сўроққа тутишга қодир бўламизми, йўқми билмаймиз", деб айтганди.

Бироқ, якшанба куни ABC, NBC ва CBS каналлари гумондор терговга ёзма жавоб қайтараётгани борасида хабар қилган.

19 ёшли Жоҳар Царнаев Бостондаги шифохонада қолмоқда. У бўйнидаги жароҳат боис гапира олмайди.

Айни пайтда Қўшма Штатлар прокурорлари унга қарши айбловларни ҳозирлашмоқда. Агар у одамларни ўлдириш учун оммавий қирғин қуроли қўллаганликда айбдор топилса, ўлим жазосига юз тутиши мумкин.

Жоҳар Царнаев жума куни кечқурун Уотертаун шаҳридаги уйларнинг бирида сақланган кема ичида оғир яраланган ҳолда топилган ва ҳибсга олинганди. Яна бир гумондор - Жоҳарнинг акаси Тамерлан полиция билан отишмада ҳаётдан кўз юмганди.

Бу мавзуда батафсилроқ