Муҳожирлар ташвиши: Россияга келиш ҳам муаммо бўладими?

Айни пайтда Россиядаги ўзбек муҳожирлари давлат раҳбарининг янги қарорини муҳокама этишмоқда. Унга кўра, эндиликда МДҲ дан ташриф буюрувчи мигрантлар ҳорижий паспортсиз Россия ҳудудига киритилмайди.

Мамлакатга ноқонуний мигрантлар оқимини чеклаш мақсадида ҳамон турли чора-тадбирлар амалга оширилиши давом этмоқда.

18 апрель куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский билан учрашув чоғида мигрантлар учун яна бир масала юзасидан келишиб олишди. Мазкур қарор 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.

“Божхона Иттифоқига кирувчи Белоруссия ва Қозоғистон давлатлари бундан мустасно”, — деди Президент Владимир Путин.

Бу чора биринчи навбатда мамлакатга миллий паспорт билан келаётган тожикистонликларга ва айни пайтда мамлакатга кириш учун хорижий паспорт талаб қилинмаётган украинларга тегишли.

“Энди Россияга келиш ҳам муаммо бўларканми?” — дея ташвишланиб қўнғироқ қилди ҳамюртларимиздан бири.

Йўқ, бу борада ўзбек муҳожирларига бироз енгиллик бўлди. Ҳамюртларимизнинг Россияга 2011 йилдан берила бошлаган янги биометрик паспорт билан келишлари кифоя. Ўзбекистонда ягона паспорт тизими бўлиб, амалдаги биометрик паспорт ҳам ички, ҳам ташқи паспорт ҳисобланади. Россияга келиш учун аввалгидек, ҳеч қандай визанинг кераги йўқ.

Кейинги пайтларда россияликлар яқин хориж давлатлари, айниқса, Марказий Осиё давлатлари билан виза жорий қилиш тарафдори эканликларини кўп таъкидлашмоқда. Бу қарор айни шу масала кўтарилган бир паллада қабул қилинди. Аммо бу билан ноқонуний миграция жараёнига барҳам бериш учун кутилган натижани бермаслиги шубҳасиз.

Гарчи ўзбек муҳожирларининг рус ўлкасида тобора кўпайиб бораётгани туб аҳолига ёқмаётган бўлсада, арзон ишчи кучига эҳтиёж сабаб улар осиёлик меҳнат муҳожирларига тоқат қилишга мажбур бўлишмоқда. Аммо юмшоқроқ қилиб айтганда, ёт қарашни очиқчасига кўрсатган ҳолда.

— Пойтахт аҳолисининг деярли барчаси Путинни шаҳарни “қишлоқистон”га айлантириб юборганда айбламоқда, — деб ёзади марказий нашрларнинг бири.

Муҳожирларимиз эса бу каби вазиятларни кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олишга мажбур. Чунки, Россия ўзбекистонлик муҳожирлар учун нисбатан қулай иш ва даромад (тирикчилик) манбаи ҳисобланади. Биз учун муҳими эса, айни пайтда рус ўлкасида меҳнат қилаётган (кун кўраётган, десак яна ҳам тўғрироқ бўлади) ўзбекистонликлар муаммоларининг имкон қадар ҳал этилишидир.

Бу мавзуда батафсилроқ