Афғон аёли дунёнинг энг қудратли инсонлари рўйхатида

Афғонистонлик бизнесвоман ва ACSC компьютер дастурлари ишлаб чиқариш ширкати асосчиси Рўё Маҳбуб Американинг “Тайм” журнали рейтингида дунёдаги энг қудратли 100 та одамдан биттаси деб тан олинган.

Ҳафталик журналнинг йиллик рўйхатидан, одатда, яхши ёмон ишлари билан ном қозонган сиёсатчилар, бизнесменлар, таниқли санъаткорлар, юлдуз хонандалар, хулласи калом, ўз соҳасининг энг усталари ўрин олиб келишади.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, Рўё Маҳбуб рўйхатга илк бор киритилганига қарамай, “бошловчилар” таснифида 9-ўринни эгаллаб, юқори ўнликка киришга муваффақ бўлган.

Рўё Маҳбуб Афғонистондаги Информацион Технология йўналишида иш олиб борувчи ширкатнинг илк аёл ижроий раҳбаридир.

У 2009 йилда Ҳирот Университетида “Компьютер фанлари” бўйича бакалаврлик, орадан икки йил ўтиб эса, Малайзида “Информацион Технология” соҳасида докторлик мақомини қўлга киритган.

Рўё Маҳбуб ўзининг компьютер дастурлари ишлаб чиқариш ва консалтинг ширкатига 2010 йилда Ҳиротда асос солган.

Ширкат 25 одамни иш билан таъминлаган бўлса, улардан аксариятини хотин-қизлар ташкил этишади.

Улар Афғонистондаги Нато мулозимлари, ҳукумат вазирлари ва хусусий ширкатларга компьютер дастурлари ва маълумотлар манбаи тайёрлаб бериш билан шуғулланишади.

Рўё Маҳбубнинг ширкати Афғонистон Олий ўқув юртларида 40 та текин компьютер синфларини очишни мақсад қилган.

Интернетга имконли бўлган бу синфхоналарда 200.000 га яқин талаба замонавий технология билан танишиш ва дунёга боғланиш имкониятига эга бўлишади.

Афғонистон ва марказий осиёлик аёлларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Рўё Маҳбуб Film Annex ширкатининг кўмаги билан Women’s Annex веб саҳифасига ҳам асос солади.

Хотин-қизлар бу ерда санъат, маориф, спорт, бизнес ва бошқа турли мавзулардаги йўриқномалар, видеолавҳалар ва блоглари билан ўртоқлашишлари мумкин бўлади.

Афғонистонлик уч юзга яқин хотин-қиз блоггерлар ҳам ўз овозларини эшиттириш ва ўз мамлакатларини дунёга танитиш учун ушбу минбардан фойдаланиб келишади.

“Тайм” журналининг “Машҳур ва ҳамма ардоқлаган инсонлар” таснифида эса, рўйхатни яқинда Толибоннинг ҳужумига учраган покистонлик 15 ёшли фаол Малала Юсуфзай бошлаб берган.

Бу мавзуда батафсилроқ