АҚШ элчилиги ходимлари Царнаевлар ота-онаси билан суҳбатлашган

Image caption Зубейдат Царнаева ўғилларини айбсиз дейди.

АҚШнинг Москвадаги элчилиги ходимлари Россиянинг Доғистонига бориб, Бостон марфони портлашлари гумондорлари Жоҳар ва Тамерлан Царнаевнинг ота-онаси билан суҳбатлашганлар.

Оила АҚШга кўчиб боришларидан олдин Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳридан Доғистонга борган ва у ерда қисқа вақт яшаганлар.

Портлашларнинг уюштирган деб гумон этилаётган ака-уканинг тўнғичи, 26 ёшли Тамерлан 2012 йил бирмунча вақт Доғистонда бўлган.

Хабарларга кўра, Царнаевлар ота-онаси билан суҳбат пайтида америкалик мулозимлар Тамерлан Америкадан Доғистонга борган пайти радикаллашмаганми деган саволга жавоб излаганлар.

Ака-укани тутиш амалиёти пайти Тамерлан ҳалок бўлган, укаси 19 ёшли Жоҳар яраланган.

У жиддий жароҳатлар билан шифохонада қолмоқда.

Жоҳар Царнаевга оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш, ўлимга олиб келиш оқибатида мулкни зарар етказиб йўқ қилиш каби айбловлар илгари сурилган.

Ушбу айбловлар ўлим жазосига ҳукм этилади.

Бостон марафонининг финиш чизиғида рўй берган икки портлаш оқибатида уч инсон ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Яраланганларнинг аксарининг жароҳати оғир бўлган.

Image caption Ака-ука Царнаевлар 2002 йилдан АҚШда яшашган.

Расмийлар ва яқинларига кўра, Тамерлан Царнаев 2012 йил Россия пасспортини олиш учун борган.

Унинг Чеченистон ва Шимолий Қофқознинг яна бир беқарор ўлкаси ҳисобланган Доғистонда олти ой бўлгани хабар қилинган.

Ака-укалар ота-онаси Анзор Царнаев ва Зубейдат Царнаева фарзандларининг айбдор эканига ишонмайдилар, уларнинг айтишича, болалари АҚШ Федерал Қидирув Бюроси кузатувида бўлганлар.

Америкаликлар ота-она билан кеч кириб кетгунича суҳбатлашдилар, дейди Би-би-си мухбири Стив Розенберг.

Суҳбатни ким ўтказгани аниқ эмас, бироқ АҚШ элчилигидан "Франс Пресс" ахборот агентлигига айтишича, "Россия ҳукумати Бостон марафони портлашларини тергов қилишда Федерал Қидирув Бюроси билан ҳамкорлик қилмоқда".

Доғистон Ички ишлар вазири Абдурашид Магомедов ўлдирилган гумондор Доғистонга борганидан сўнг радикал Ислом тарафдорига айланган, деган даъволарни рад этган.

Айни пайтда АҚШ хавфсизлик кучлари 15 апрел портлашлари олдини нега ололмаганлар, деган босим остида қолмоқдалар.

Хабарларга кўра, Россия томони Америка томонини Тамерлан Царнаев диний қарашлари радикаллашиб бораётгани ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси 2011 йилда Тамерлан Царнаевни сўроқ қилган, унинг радикаллашуи аломатларини топмагани ҳақидаги хабарлар чиққан.

Бу мавзуда батафсилроқ