Шинжон Уйғуристонидаги зўравонликда 20 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган

Хитойнинг давлат назоратидаги матбуоти тарқатаётган хабарларга кўра, Шинжон Уйғуристоннинг Қошғарида полиция билан уйғур "қуролли гуруҳ" ўртасидаги тўқнашув оқибатида 21 киши ҳалок бўлган.

Расмий Шинжон маъмуриятининг веб-сайтига кўра, ҳалок бўлганларнинг 15 нафари полиция ходими ва расмий бўлган.

Ҳодисанинг Қошғарнинг Бачу туманида сешанба 23 апрел куни рўй бергани хабар қилинмоқда.

Хитой расмийларига кўра, жамоа ходимлари қурол-яроғ қидириб уйларда тинтув ўтказаётган пайти "қуролли банда" ҳужум қилган.

Уч жамоа ходими "маҳаллий резидентнинг уйида шубҳали шахслар ва пичоқларни аниқлаганларидан кейин улар гаровга олинган", дейилади Шинжон маъмурияти веб-сайтидаги хабарда.

"Полиция зобитлари ва жамоа расмийлари ҳодиса жойига шошилганлар. Гумондорлар уларга ҳужум қилиб ўлдирганлар. Улар, шунингдек, гаровда ушлаб турган жамоа ходимларини ҳам ўлдирганлар, уйга ўт қўйганлар", дейилади расмий хабарда.

Полиция олти гумондорни отиб ўлдиргани ва саккиз кишини қўлга олгани хабар қилинган.

Би-би-си мухбири Шинжондан келаётган хабарларни тасдиқлатиш жуда қийинлигини айтади.

Бироқ Хитой расмийлари ҳодисани "террорчилик хуружи" деб атаганлар.

Расмий хабарда гумондорлар шахси ҳақида маълумот берилмайди, бироқ хориждаги Уйғур фаоллари ушбу зўравонликда Хитой ҳукуматини айблаганлар.

Охирги йилларда маҳаллий Уйғурларнинг хавфсизлик кучлари, хитойлик Ҳанларга қарши ҳужумлари ҳақида бир неча марта хабар қилинган.

Жаҳон Уйғурлари Конгресси сўзчиси Дилшод Рашиднинг айтишича, аслида ҳукумат "қуролли шахслари" тозалаш кампанияси пайти бир ёш Уйғурни ўлдиришган.

Бундан ғазабланган Уйғурлар билан полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Уйғурлар Шинжон аҳолисининг 45 фоизини ташкил этади, бироқ бу ҳудудларда хитойлик Ҳанлар сони ортиб бораётгани этник тўқнашувларга етаклаётгани айтилади.

Хориждаги Уйғурлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги аҳоли таркибини туб аҳоли бўлмаган Ҳанларни бу жойга кўчириб олиб келиш билан ўзгартиришга интилаётганликда айблайдилар.

Пекин расмийлари Уйғурларни Шинжон минтақасини ажратиб олишга интилаётганликда айблайди, бироқ Уйғур фаоллари Пекинни ўзининг қатағон сиёсатини оқлаб кўрсатиш учун туркий мусулмонларни ёмонотлиқ қилаётганликда айблайди.

Бу мавзуда батафсилроқ