Бангладеш: қулаб тушган бинода бўлган юзлаб одамлар ҳали бедарак

Бангладешда қутқарувчилар қулаб тушган 8 қаватли бино вайроналари остидан катта сондаги одамлар омон топилганини маълум қилишган.

Расмийларга кўра, пойтахт Дака яқинидаги ҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 307 нафарга етган, яна юзлаб одамлар бедарак қолмоқда.

Кийим-кечак фабрикалари жойлашган бино вайроналари остидан пайшанба кунидан бери 40дан ортиқ киши қутқарилган.

Бош вазир Шайх Ҳасина бугун жабрланганлар руҳи учун тиловат қилишга чақирган.

Ҳалокат норозилик чиқишларига сабаб бўлган, иштирокчилар бинолардаги хавфсизлик андазалари талабга мос эмаслигидан ғазаб изҳор қилишган.

Пайшанба куни Бангладеш Кийим-кечак ишлаб чиқириш уюшмаси қароргоҳи ташқарисида намойишчилар ва полиция тўқнашгани боис айрим йўллар бекитилган.

Норозилик намойишлари жума куни ҳам давом этаётгани айтилади.

"Вазият ўта нотинч...Биз тўпланганларни тарқатиш учун резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўлладик", деб айтган полиция зобитларидан бири.

Полициянинг айтишича, бино хўжайини ҳафта бошларида ёриқлар пайдо бўлаётгани борасидаги огоҳлантиришларни беэътибор қолдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ