Россиядаги руҳий касалликлар шифохонасига ўт кетган

Image caption Қурбонлар сони ортиши борасида хавотирлар бор

Расмийларга кўра, Москва вилоятидаги руҳий хасталиклар шифохонасига ўт кетиши оқибатида камида 38 инсон нобуд бўлган.

Дмитровск туманидаги Раменский қишлоғида жойлашган №14 шифохонада ёнғин пайшанбадан жумага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 02:00 ларда бошланган.

Аксар жабрланганлар маҳаллий беморлар бўлганига ишонилади. Аммо, ўлганлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Ёнғин сабаблари ҳозирда ўрганилмоқда. Бироқ, хабарлардан бирида ҳалокатга электр тармоғидаги нуқсон сабаб бўлгани айтилади.

Россия ахборот агентликларининг маҳаллий расмийлардан иқтибос келтиришларича, ёнғин бинонинг аҳволи оғир беморлар яшовчи қисмидан бошланган.

"Дастлабки хабарларга кўра, икки тиббий ходим дохил 38 киши оламдан ўтган", дейди Россиянинг Риа Новости ахборот агентлигига гапирган Соғлиқни сақлаш вазирлиги воизи Олег Салагай.

Айни пайтда ўт ўчирилган ва ҳозиргача 14 та жасад топилган.

Маҳаллий расмийларга кўра, 1950 йилларда қурилгани айтилаётган бинонинг барча деразаларда темир панжаралар бўлгани боис аксар жабрланганлар ўз ўринларидан топилган.

Ҳамширалар икки нафар беморни хавфсиз жойга олиб чиқишга муваффақ бўлишган.

Ишонилишича, ёнғин бошланган пайти шифохонада жами 41 киши бўлган. Шанба куни нобуд бўлганлар хотирасига мотам куни дея эълон қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ