Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Афғонистон шимолида қақшатқич жанглар кечмоқда

Афғонистон шимолидаги Фарёб вилоятида кўплаб оилалар афғон кучлари ва Толибон исёнкорлари ўртасида кечаётган қақшатқич жанглар туфайли ўз уйларини ташлаб кетишаётгани айтилмоқда.

Қайсор туманидаги тўқнашувлар бир неча кун олдин бошланиб кетган. Ҳозиргача Афғон Миллий Армияси икки аскари ва 60 дан ортиқ жангари ўлдирилгани хабар қилинади.

Қайсор тумани ҳокими воизига кўра, исёнкорлар аввал қўлларидан бой берган ҳудудлар назоратини қайтариб олишга уринишмоқда.

Толибон сўзчиси эса, улусворликдаги етти назорат нуқтаси қўлга киритилганини даъво қилган.

Тўқнашувлар, маҳаллий расмийларга кўра, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонларга сабаб бўлмоқда.

Мулло Юсуф туманидаги уйга минамёт келиб тушиши оқибатида ёш қизалоқ ва бир аёл нобуд бўлгани ҳақида хабарлар бор. Аммо, Кобулдаги мухбиримизга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар кўплиги юзасидан хавотирлар бор.

Айтилишича, юзлаб оилалар бошпанасиз қолишган. Аммо, айрим манбаълар уларнинг сонини минглаб деб беришган. Би-би-сига гапирган вилоят расмийлари бу борада аниқ бир рақамларни бера олмасликлари, вазият ҳамон ўрганилаётганини билдиришган.

Ўхшаш ҳарбий амалиётлар шимолий Тахор ва шимолий-шарқий Бадахшон вилоятларида ҳам йўлга қўйилганди.

Ҳарбийлар ўз амалиётлари чоғида юздан ортиқ Толибон жангариси ўлдирилгани, ўнлаб исёнчилар ҳибсга олинганини ҳам расман маълум қилишганди.

Мавжуд вазият Афғонистон шимолида Толибон фаоллашиб бораётганига далолат қиладими? Биз ушбу савол билан Афғонистон шимолидан маҳаллий таҳлилчи Мавлавий Абдилмўмин Макридга мурожаат қилдик.