Бангладешда бино қулаб тушиши билан боғлиқ ҳибслар

Яна 600 киши бедарак қолмоқда
Image caption Яна 600 киши бедарак қолаётгани айтилади

Бангладеш пойтахти Дакка ташқарисида қулаб тушган бинода жойлашган кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхона хўжайинлари ҳибсга олинган.

Маҳбубур Раҳмон Тапас ва Балзул Самад Аднан бинода пайдо бўлган ёриқларни эътиборсиз қолдириб, қўллари остидаги ишчиларни ишлашга мажбурлаганликда гумон қилинмоқда.

Полиция ҳалокатдан бир кун олдин бино хавфсизлиги талаб даражасида эканини маъқуллаган икки муҳандисни ҳам сўроқ қилаётгани хабар қилинади.

Чоршанба куни Rana Plaza иншоотининг қулаб тушиши оқибатида камида 336 киши ҳаётдан кўз юмган.

Шанба куни эрталаб 20дан ортиқ киши вайроналар тагидан тортиб олинган.

Қутқарувчилар ва кўнгиллилар туни билан ишлашган ва одамларни омон-эсон чиқариб олишаркан, қийқириб тантана қилишган.

Расмийлар вайрона тагида қолган бошқа инсонларни ҳам қутқаришга уринилаётганини айтишган. Уларга кислород балонлари ва сув етказиб берилган.

Тун бўйи ва эрталаб нобуд бўлганларнинг жасадлари ҳам қазиб олинган.

Қулаб тушган пайт бинода 3 мингга яқин киши ишлаётган бўлганига ишонилади. Расмийларга кўрна 600 киши бедарак қолмоқда.

Қутқарув ишларини кузатаётган юзлаб одамлар ўз яқинларининг суратларини кўтариб олишган.

Rana Plaza биносида учта кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхона, банк ва қатор дўконлар жойлашган бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ