Бангладешда қулаган бино соҳиби қўлга олинган

Image caption Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар сони кескин ўсиши мумкин

Бангладешда чоршанба куни қулаб тушган корхона биносининг эгаси ҳибсга олинган. Фалокат кунидан бери қочиб юрган Муҳаммад Суҳал Рана, полиция томонидан Ҳиндистон билан чегарада қўлга олинган.

Омон қолганларни қутқаришга уринаётган қутқарувчилар янгиликни олқишлар ила кутиб олишган.

Айни дамда қутқарувчилар қулаб тушган корхона биноси харобалари остида қолиб кетган тўққиз кишини қутқаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Би-би-сининг фалокат жойида бўлган мухбири Анбасаран Этиражаннинг айтишича, расмийлар оғир машиналарни олиб келишигача, бу одамларни тириклайин қутқариб олишга уринилмоқда.

Унга кўра, жасадларнинг ҳиди баъзи қутқарувчиларни касал қилмоқда.

Чоршанба куни юз берган фожеада 350 одам ҳалок бўлгани аниқланган. Юзлаб одамлар бедарак йўқолган ҳисобланади.

Савар мавзесида қулаган Рана Плаза биноси остидан якшанба куни икки киши тирик чиқариб олинган.

Бунинг ортидан яна тўққиз нафар омон қолган одамлар борлиги аниқланган ва қутқарувчилар уларга етиш учун енгил асбоб-ускуналардан фойдаланишмоқда.

Бино қолдиқлари орасидаги туйнуклардан озиқ-овқат ва сув узатилаяпти.

Қутқарув ишларини мувофиқлаштираётган Генерал-майор Ҳасан Суҳраварди аввалига енгил асбоб-ускуналар билан омон қолганларни қутқаришга уринишларини айтди.

"Лекин, агар бунинг уддасидан чиқмасак, келгуси бир неча соатлар ичида кейинги босқичга ўтамиз", - деди у.

Кейинги босқичда расмийлар кранлар ва йирик кесувчи машиналарни жалб қилиб, қулаган бинонинг тепасини тешишлари кутилади.

Полиция фалокат билан боғлиқликда шу вақтгача корхонанинг уч эгаси ва икки муҳандисини ҳибсга олганлар.

Корхона раҳбарлари Маҳбубур Раҳман Тапас ва Балзул Самад Аднан шанба тонгида ўзларини полиция қўлига топширганлар, учинчи раҳбар Аминул Ислом бироз ўтиб ҳибсга олинган.

Полицияга кўра, сешанба куни бино деворлари дарз кетиши ортидан ундан одамларни эвакуация қилиш буюрилган, бироқ корхона муҳандислари бино хавфсиз эканини айтиб, иш давом этишига рухсат берганлар.