Италияда янги ҳукумат қасамёд келтирган вақт отишма юз берган

Image caption Икки полициячини жароҳатлаган ҳужумчи қўлга олинган

Римдаги президент саройида янги италян ҳукумати қасамёдга келтирилган. Демократик партия раҳбарининг муовини Энрико Летта бош вазир, ҳамда йирик коалициянинг раҳбари этиб тайинланган.

Янги коалиция таркибига собиқ бош вазир Силвио Берлусконининг Озод Халқ партияси ҳам киради.

Қасамёд маросими билан икки ой давом этган сиёсий инқирозга якун ясалмоқда.

Айни дамда, маросимдан бир чақирим узоқлиқдаги бош вазир идорасининг ташқарисида отишма юз берган.

Отишмада икки полиция ходими жароҳат олганлар.

Улардан бири бўйнидан ўқ еб, ҳозирда аҳволи оғир экани айтилади.

Бир эркак киши ҳибсга олинган. Би-би-сига гапирган полиция воизи гумондор руҳий касал бўлиши мумкинлигини билдирган.

Рим ҳокими Жианни Алеманно отишма террор амали бўлиши эҳтимолини рад этган ва мавжуд бўлган сиёсий танглик унга сабаб бўлган бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

"Бу террор амали эмас, лекин аминманки ўтган бир неча ойда кечган сиёсий иқлим унга ҳисса қўшмай қолмаган", - деди ҳоким.

Февралда натижасиз тугаган умумхалқ сайловларидан бери Италия сиёсий боши берк кўчага кириб қолганди.

Мамлакат 2008 йилда бошланган глобал молиявий инқирознинг Евро ҳудудидаги илк қурбонларидан бирига айланган.

Президент Жиоржио Наполитанонинг идорасида жаноб Летта ва 21 нафар ҳукумат воизи бирин-кетин қасамёд қилганлар.

Мухбирларга кўра, Италиянинг бугунда мавжуд бўлган ўнг ва чап қанот партиялари орасида йирик коалиция тузилиши мисли кўрилмаган ҳол бўлмоқда ва унинг иши силлиқ кечадиган кўринмайди.

Жаноб Берлусконига вазирлик курсиси тегмаган, лекин у ўз партиясининг етакчи вакилларига ҳукуматдаги энг нуфузли ўринлар берилишига эришган.

Озод Халқ партиясининг котиби ва жаноб Берлусконининг энг яқин сиёсий иттифоқчиларидан бўлган Анжелино Алфано янги ҳукумат таркибида бош вазир муовини ва ички ишлар вазири бўлади.

Италия банкининг бош директори Фабрицио Саккоманни қудратли иқтисодиёт вазирлигига раҳбарлик қилади.