"Царнаевларнинг онаси ўғли билан жиҳод ҳақида сўзлашган"

Image caption Махачкалада 25 апрелда ўтган матбуот анжумани. Анзор ва Зубейдат Царнаевлар

Россия жосуслик хизматлари ҳали 2011 йилда Бостон террор амалида гумон қилинаётган ака-уканинг онаси ўз ўғилларидан бири билан жиҳод ҳақида сўзлашган телефон суҳбатини ёзиб олганлар.

Анонимлик шарти билан Ассошиэйтед прессга гапирган АҚШ ҳукумати вакили Россия жосуслик хизматлари бу ёзувни америкалик ҳамкасбларига бир неча кун аввал тақдим этишганини билдирди.

Вакил Федерал қидирув бьюроси аввалроқ бу ёзувга эга бўлмаганидан таассуф изҳор қилган. Унинг айтишича, бу ёзувни билганда, ФҚБ эртароқ Царнаевлар иши билан шуғулланарди.

Телефон ёзувининг тафсилотлари очиқланмаган. Зубейдат Царнаева ўғилларидан қайси бири, қўлга олинганида ҳалок бўлган Тамерлан билан суҳбатлашганми ёки ҳозирда қамоқхона касалхонасида сақланаётган Джохар билан - бу ҳам номаълум.

АҚШ расмийларига кўра, Москва яна битта аудио тасмани АҚШга топширган. Унда гўёки ФҚБ гумонсираган ва Россия жанубида яшаётган шахс билан Зубейдат Царнаева ўртасидаги телефон суҳбат ёзилган.

46 ёшли Зубейдат Царнаева АҚШ фуқаролигига эга, бироқ доимий равишда Махачкалада яшайди.

Маълумотларга кўра, АҚШда уни 1600 доллар миқдорида ўғирлик қилгани учун ҳибсга олишлари мумкин. 2012 йил октябрида у маҳкамага келмаган.

Унинг турмуш ўртоғи Анзор Царнаев РИА Новостига гапира туриб, АҚШга пайшанба куни учишга шайланаётганини айтган, бироқ соғлиғи туфайли Россияда ушланиб қолганини билдирган.

Икки кун аввал Зубейдат Царнаева матбуот билан суҳбатида Махачкаладан Москвага эри билан сафар қилаётганини, ҳамда Москвада эри эҳтимол касалхонага ётишини хабар қилган.

19 ёшли Джохар Царнаев сўроқ пайтида Бостондаги портлашларни акаси билан "Ироқ ва Афғонистондаги урушлар туфайли Исломни ҳимоя қилиш" мақсадида уюштиришганини айтган.

Царнаевларнинг ота-онаси бир неча бор ўз ўғиллари беайб эканларини айтиб, АҚШ жосуслик хизматларини уларни атайлаб террор амалига жалб қилишда айблашган.

"Менинг ўғилларим бегуноҳ! Мен уларни севаман ва буни бутун дунё эшитишини истайман. Мени бугун ўлдиришса, бахтли кетардим. Ўла туриб "Оллоҳу Акбар!" дея хитоб қилардим", - деди Зубейдат Царнаева Си-эн-энга берган интервьюсида.