Сурия бош вазири ҳужумдан омон қолди

Image caption Бомба ҳужумида бош вазир қўриқчиси ҳалок бўлгани хабар қилинади

Суриядан келаётган хабарларга кўра, мамлакат бош вазири Ваел ал-Ҳалақий пойтахт Дамашқда унга қарши уюштирилган ҳужумдан омон қолган.

Сурия давлат телевидениеси хабарида таъкидланишича, Дамашқ ғарбидаги Маззеҳ мавзесида машинага ўрнатилган бомбани портлатишдан мақсад жаноб ал-Ҳалақийни элтаётган кортежни нишонга олиш бўлган.

Портлашда қурбонлар борлиги айтилади.

Британияда жойлашган Инсон Ҳуқуқлари бўйича Сурия Кузатиш гуруҳига кўра, қурбонлар орасида жаноб Ҳалақий шахсий соқчиси бўлган.

Номи ошкор этилишини истамаган Сурия ҳукумати мулозимининг айтишича, ҳодиса машина остига ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида юз берган.

Аввалроқ худкушлик ҳужуми юз бергани хабар қилинган эди.

Сурия давлат телевидениеси портлаш аҳоли гавжум бўлган жойда содир бўлган.

Телевидение ёнаётган енгил машина ва уни ўчиришга уринаётган ўт ўчирувчиларни намойиш этган.

Сурия ҳукумати назорати остида бўлган Маззеҳ мавзесида Ассад режими мудофааси учун ҳал қилувчи аҳаммиятга эга бўлган ҳарбий аэропорт жойлашган.

Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчилар Дамашқ атрофида бир неча ойдан буён жанг қилишаётган эсаларда, бирор бир томон устунликни қўлга киритганича йўқ.

Декабр ойидда Ички ишлар вазирлиги биносида худкушлик ҳужуми содир этилганди.

Давлат матбуоти ўшанда юқори расмийлар ҳужумдан омон қолганини хабар берган, аммо кейинчалик Ички ишлар вазирининг оғир жароҳат олгани ошкор бўлганди.

Душанба кунги ҳужум учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.

Ўтмишда ўхшаш ҳужумлар ал-Нусра Жабҳаси томонидан амалга оширилгани хабар қилинарди.

Ал-Нусра Жабҳаси Башар Ассад режимига қарши курашаётган исёнчи гуруҳларнинг энг кўзга кўринганидир.

Бу мавзуда батафсилроқ