Оврўпо маҳкамаси Тимошенко ҳибсини "ноқонуний" деб топди

Image caption Тимошенко хоним 2011 йил октябрида 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди

Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг Украина маҳкамаси ҳукмига қарши аризасини қондирди ва унга нисбатан чиқарилган ҳукмни "сиёсий важларга асосланган" ва "инсон ҳуқуқларининг бузилиши", деб топди.

Оврўпо маҳкамасининг қарори сешанба куни Страсбургда эълон қилинди.

Ортидан Украина ҳукуматининг вакили, Ассошиэйтед пресс хабарига кўра, маҳкама залини шошилинч тарк этган.

2011 йил 11 октябрида Юлия Тимошенко Россия билан 2009 йилда газ шартномасини имзолар экан ўз хизмат ваколатини суистимол қилишда айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Бу йил январида эса собиқ бош вазирга 1996 йилда Украина парламенти юқори палатасининг вакили Евгений Шербанни ўлдиришда айблови қўйилди.

Апрел ойида мамлакат президенти Виктор Янукович ўз буйруғи билан Тимошенконинг сафдоши - собиқ Ички ишлар вазири Юрий Луценкони авф этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси 2011 йил августида Украина маҳкамаси Тимошенко хоним ишини кўриб чиқаркан собиқ бош вазир ноқонуний ҳибсга олинган ва бу билан унинг ҳуқуқлари бузилган, деган хулосага келган.

Маҳкама шунингдек Юлия Тимошенко "сиёсий важлар билан" таъқиб остига олинган, деган хулосага келган.

Бироқ Оврўпо маҳкамаси қарорини ижро этиш Украина ҳукумати учун мажбурий эмас.

Маҳкама қарори, агар Украина ҳукуамати унга расман эътироз билдирмаса, уч ойдан сўнгра кучга киради.

Бу мавзуда батафсилроқ