ФҚБ Царнаев бевасининг уйини тинтув қилган

Image caption Царнаев беваси терговчиларга ёрдам бераётгани айтилган

ФҚБ Бостон марафонида ҳужумчи дея гумон этилган марҳум Тамерлан Царнаевнинг беваси яшаётган уйни тинтув қилган ва бир неча халтада “далиллар”ни олиб кетган.

Сўнгги бор 24 ёшли Катрин Рассел ҳимоячилари билан Душанба куни ўз ота-онасининг уйидан чиқиб кетаётганида кўришган.

Шунингдек, Жоҳар Царнаевнинг ҳимоясига ўлим жазоси бўйича машҳур ҳуқуқшунос Жюди Кларк ҳам қўшилган.

15 апрел куни Бостон марафонидаги портлашлар 3 кишининг ёстиғини қуритган, 260 дан ортиқ инсонни ярадор қилган эди.

Жюди Кларк Америкада машҳур маҳкама ишлари билан танилган.

Жоҳар Царнаев оммавий ўлим қуролини ишлатишда айбланмоқда.

Бомба “далили”

Image caption Царнаевларнинг ота-онаси Америкага сафар режасини бекор қилганлар

Рейтерс ахборот агентлигига мулозимлардан бири, Душанба куни Федерал Қидирув Бюросининг ходимлари Тамерлан яшаган уйда ДНК тўплаганини айтган.

ФҚБ мутахассислари ака-ука Царнаевларнинг бомба ҳужумига алоқадорлигини исботловчи далилларни топиш учун бу оиланинг Шимолий Кингстондаги уйида бир неча соат бўлишган.

Рассел хонимнинг ҳимоячиларига кўра, уларнинг мижози тергов ишида ёрдам бериш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда.

Катрин эри ўлдирилганидан бери ўз ота-онасининг уйида истиқомат қилмоқда.

Икковлон ёш қизалоқлари билан Кебридждаги хонадонлардан бирида яшашган.

Полицияга кўра, улар айни хонадондан бомба ясалишида асқотадиган нарсаларни топишган.

Рассел хонимнинг ҳимоячиларига кўра, у ўз эрининг нима билан машғул эканидан кўп ҳам хабардор бўлмаган, Катрин соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаган, Тамерлан эса фарзандининг тарбияси билан шуғулланган.

Тамерлан Царнаев 18 апрел куни полиция билан отишмада қурбон бўлган.

Аммо унинг ўлими тафсилотлари то жасадга эга чиқмаганга қадар ошкор этилмайди.

Мулозимларга кўра, Рассел хоним ҳам жасадни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Царнаевларнинг ота-оналари Россиядан Америкага келиш ва Тамерланнинг жасадига эгалик қилиш ниятидан қайтишганини айтишган.

Душанба куни Барак Обама ва Владимир Путин ўз мамлакатлари ўртасида террорчиликка алоқадор воқеалар юзасидан ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишган.

Барак Обама, Оқ Уй баёнотига кўра, Россияга яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорчилик изҳор этган.

Бу мавзуда батафсилроқ