Малида исломчилар сафида курашган франсалик қўлга олинди

Исломни қабул қилиб, Малидаги жангарилар сафига қўшилганлиги айтилган Жил Ле Гуен франса қўшинлари томонидан қўлга олинган.

58 ёшли Жил Ле Гуен бир мунча вақтдан бери Тимбуктуда яшаб келганлиги айтилган.

Франса Мудофаа Вазирининг айтишича, у исломчилар сафида курашган.

Баъзи хабарларда айтилишича, у Мағрибдаги Ал-Қоида гуруҳига аъзо бўлиб кирган. Ҳозирда франса қўшинлари ушбу гуруҳга қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этмоқдалар.

Ҳудди шу гуруҳ Жил Ле Гуенни ўтган ноябр ойида олиб қочиб, қисқа вақт гаровда ушлаб турганлиги ҳам хабар берилган.

Бир ой аввал эса у исломчилар томонидан чиқарилган видеода ёнида қурол билан пайдо бўлиб, Франса, АҚШ ва БМТни Мали ички ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантириб, таҳдид қилганди.

Малида Франса кучлари жойлаштирилишидан сал аввал эса L'Express журнали билан телефон орқали суҳбатда Усамо Бин Лодин асос солган йўлдан бораётганлигини айтган.

Ҳозирда Жил Ле Гуеннинг дастлаб Мали расмийлари қўлига топширилиб, кейин Франсага эктрадиция қилиниши кутилмоқда.

Франса мудофаа вазири Ле Гуен Африка ғарбидаги исломчилар сафига қўшилган ягона франса фуқароси эмаслиги, лекин уларнинг сони бир қўлдаги бармоқ билан санарли эканлигини айтди.

Тижорий кемаларда хизмат қилган Ле Гуен 1985 йили Исломни қабул қилиб, дастлаб Мавритания ва Марокашда яшаганлиги, кеийнчалик марокашлик турмуш ўртоғи ва оиласи билан 2011 йили Малига кўчиб ўтганлиги айтилган.

У ўзининг кимлигини яширишга ҳаракат қилмаган.

Тимбуктудаги фаоллардан бирининг айтишича, Мағрибдаги Ал-Қоида шаҳарни эгаллаб олган вақти Ле Гуен уларнинг назорат гуруҳларидан бирига қўшилган.

"У ашаддий исломчи эди, лекин аёлларни савалаш каби амалларга қарши чиқиб, обрў қозонганди. Ҳатто бир куни қамоққа бостириб кириб, ҳибсга олинган аёлларни озод қилган", дея илова қилган фаол.

Мағрибдаги Ал-Қоида нима учун уни ноябр ойида қўлга олгани маълум эмас. Баъзилар унинг аёлларни ҳимоя қилгани учун десалар, баъзилар уни жосусликда гумон қилганлари учун, дея айтишмоқда.