Google 'Фаластин ҳудудлари'ни 'Фаластин'га ўзгартирди

Дунёдаги энг йирик Интернет қидирув тизими ҳисобланган Google ўзининг Фаластиндаги бош саҳифаси номини "Фаластин ҳудудлари"дан "Фаластин"га айлантирган.

1 май кунидан бошлаб google.ps саҳифасига борилганда Араб тилида ва инглизчада Google логоси остида Google-Фаластин бети очилади.

Фаластин маъмуриятининг номи бу ҳудуднинг сиёсий мақоми билан боғлиқ ва шу кунгача баҳсли деб кўриб келинади.

Фаластинга чегарадош Исроилнинг икки мамлакат ҳудудлари борасидаги келишуви ҳали маъқулланмаган.

2012 йил ноябрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластинга "аъзо бўлмаган кузатувчи давлат" мақомини берган эди.

БМТ Бош Ассамблеясининг бу борадаги қарорига АҚШ ва Исроил қаттиқ қарши чиққанлар.

Бундан олдин Фаластин БМТда "кузатувчи ташкилот" мақомида бўлган.

2011 йилда Фаластин халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзоси деган мақомни қўлга киритишга уринган, бироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарли овоз тўплай олмаган.

Фаластинликлар ўз давлатини барпо этиш, унга Фаластин номини бериш ва бутун дунёда бу давлатнинг эътироф этилишига интилиб келадилар.

Исроил ҳар қандай шаклда Фаластин сўзидан фойдаланиш ҳозирги пайтда бирор бир ривожланишсиз туриб қолган тинчлик музокараларига халақит қилишини айтади.

Исроил расмий атамаларига кўра, Ғарбий Соҳил номи Иудея ва Самариядир.

3 май куни Би-би-си Google вакили Натан Тайлер номидан баёнот олди.

Унда жумладан шундай ёзилган: "Биз ўзимизнинг ҳамма маҳсулотларимизда "Фаластин ҳудудлари"ни "Фаластин" деб ўзгартирдик. Биз мамлакатларни номлаётганда қатор манбалар ва расмийлар билан маслаҳатлашамиз. Ушбу ҳолатда биз БМТ, Icann(Номлар ва рақамларни бериш бўйича Интернет корпорация), ISO(Халқаро Стандартлаштириш ташкилоти) ва бошқа халқаро ташкилотлардан ўрнак олдик".

Фаластин Маъмурияти (PA) Google қарорини олқишлаб чиққан.

"Ушбу қадам тўғри йўналишда қўйилган ва ўз вақтида қўйилган қадам ва у бошқаларни ҳам Фаластин ҳудудлари ўрнига Фаластин деган тўғри атамани қўллашга рағбатлантирадиган қадам", деб айтган Би-би-си билан суҳбатда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос маслаҳатчиси доктор Сабрий Сайдам.

"Ҳозир кўп нарсалар виртуал оламда юз бермоқда ва ушбу қарор ҳам виртуал хариталар ва ҳам жўғрофий хариталарга Фаластин номини қўйиш лозимлигини англатади", деб айтган доктор Сайдам.

Унинг айтишича, ўтган йили 29 ноябрдаги БМТдаги овоз беришдан сўнг Фаластин Маъмурияти халқаро ширкатларга, шу жумладан, Google га ҳам мактуб йўллаб, "Фаластин ҳудудлари" сўзини "Фаластин"га алмаштиришни сўраган.

Бу мавзуда батафсилроқ