'Ака-ука Царнаевлар ҳужумни АҚШ мустақиллик кунига мўлжаллаган'

Image caption Марафон портлашида уч инсон ҳалок бўлган, 260 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Америка оммавий ахборот воситаларининг тергов органларидаги манбага таяниб хабар тарқатишича, Бостон шаҳридаги марафон портлашларида гумон қилинаётган Тамерлан ва Жоҳар Царнаев дастлаб портлашни 4 июл АҚШ Мустақиллиги кунида амалга оширишни режалаганлар.

Бироқ улар қўлбола портловчи моддаларини ўзлари мўлжаллаганидан эртароқ Тамерлан Царнаевнинг уйида тайёрлаб тугатганлари учун катта сондаги омма йиғиладиган Бостон шаҳридаги югуриш марафонини нишонга олишга қарор қилганлар, дея маълум қилган америкалик ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари.

Ҳар йили АҚШ мустақиллиги нишонланадиган 4 июл куни кўплаб байрам тадбирлари ташкил этилади, бу тадбирларда кўплаб одамлар иштирок қиладилар.

Ака-укалар айнан қандай тадбирни нишонга олмоқчи бўлганлари аён эмас.

15 апрел куни Бостондаги марафоннинг финиш чизиғида рўй берган портлашлар оқибатида уч инсон ҳалок бўлган, 260 дан ортиқ одам яраланган.

Массачусетс штати хавфсизлик департаментидан хабар қилишларича, 2 май куни қариндошлари Тамерлан Царнаевнинг жасадини ўликхонадан олиб кетганлар.

Олдинроқ АҚШнинг Мэриленд штатида яшайдиган амакиси Руслан Царни жиянининг жасадини олиш ва дафн этмоқчи эканини айтган.

1 май куни Бостон прокурорлари Жоҳар Царнаевнинг қозоғистонлик икки курсдошига айблов эълон қилди.

Қозоғистон фуқаролари Диас Қадирбаев ва Азамат Тажаяковни Жоҳар Царнаевга тегишли бўлган ноутбукни йўқотиш ёки яшириш, мушакбозлик моддаларидан бўшаган рюкзакни ҳам йўқотишда айбланмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ