Афғонистонда 7 хорижий аскар ҳаётдан кўз юмди

Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари сафида ҳанузгача 100, 000 аскар хизмат қилмоқда
Image caption Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари сафида ҳанузгача 100, 000 аскар хизмат қилмоқда

Афғонистондаги 7 нафар НАТО аскари икки алоҳида ҳужумда нобуд бўлган.

Хабарларга кўра, мамлакат ғарбида жойлашган Фараҳ вилоятида афғон аскарларидан бири иттифоқ қўшинларини нишонга олган ва икки хорижликни ўлдирган.

Афғонистондаги халқаро кучлар ўзлари билан бир сафда фаолият қилаётган афғон қўшинлари ҳужумлари тўхтатиш учун қатор чораларни кўрган.

Хорижий кучлар билан бирга яшаётган афғонлар кўпда қуролсизлантирилган ва қуролли аскарлар эса, ўз хизматдошларини кузататиб боришган.

Аммо, Би-би-си мухбири Девид Лойнга кўра, Афғон армияси мунтазам маслаҳат ва дастакка мухтож, хориж қўшинлари эса, бу ёрдамни етказаётган пайт ҳимоясиз вазиятда қолишади.

Ҳужумлар ортидан баёнот тарқатган Толибон Фараҳ вилоятида АҚШ аскарларини отиб ўлдирган афғон уларнинг буйруқлари асосида иш тутганини айтган.

Ҳужумлар Толибон баҳорги ҳужумларини бошлагани, хорижий ҳарбий базалар ва дипломатик ваколатхоналар нишонга олинишини эълон қилганидан бир неча кун ўтиб кузатилмоқда.

Аввалроқ, жанубий Қандаҳор вилоятидаги йўл ёқасида юз берган портлаш 5 АҚШ аскарининг умрига зомин бўлганди.

Жорий ҳафта Ҳелмандда худди шундай ҳодиса рўй бериши ортидан уч британиялик нобуд бўлгани хабар қилинди.

АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари сафида ҳанузгача 100, 000 аскар хизмат қилмоқда. Аммо, улар келаси йил охирларигача Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши режаланган.

Бугунда НАТОнинг хавфсизлик амалиётларини афғон кучларига ошириш жараёни давом этмоқда ва айрим ҳудудлар назорати аллақачон топшириб бўлинган.

Бу мавзуда батафсилроқ