Бразилия футболчилари ва ишқибозларидан 'Толибонча жанговорлик'дан воз кечиш сўралди

Image caption Фред каби ўйинчилар эса, аллақачон ўз клуби рангларига бўялган рўмол билан юзларини тўсиб, суратга тушишган ва уларни интернетга ҳам қўйганлар

Бразилиянинг энг муваффақиятли футбол клубларидан бири "Флуминенсе" ўз ишқибозлари ва ўйинчиларини Толибон жангчиларига ўхшаб кийиниш ва суратларини интернетга қўйиш кампаниясидан воз кечишга чақирган.

Мазкур кампания Жанубий Американинг Либертадорес кубоги учун мусобақада ютқазиб қўйиши ортидан бошланганди.

"Флуминенсе" дастакловчилар Твиттер ижтимоий тармоғи орқали ўйинчилар ва бошқа ишқибозларга мурожаат қилиб, ўзларининг "жанговор руҳларини намойиш қилиш"га даъват этишган ва интернет орқали мазкур чиқишларга қўшилишга даъват қилишган.

Аммо, Бразилия футбол жамоасининг жанговор руҳию ўйинини кўрсатиш учун Толибондек кийиниши ва ўзини тутиши жиддий қаршиликка юз тутди.

Футбол клуби баёнотида ушбу ташаббус террорни уруғлаш бўлиб қолаётгани айтилади.

Аммо, Бразилиянинг дунёга машҳур ҳужумчиси - Фред каби ўйинчилар эса, аллақачон ўз клуби рангларига бўялган рўмол билан юзларини тўсиб, суратга тушишган ва уларни интернетга ҳам қўйганлар.

Умуман, "Флюмененсе" футбол клуби ҳозир Бразилия чемпиони ва унинг ишқибозлари назарида бу гуруҳ - жангчилар жамоасидир.

Image caption Бразилия футбол ишқибозлари кўпинча ғалати ва кутилмаган қилиқлари билан тилга тушишган

Аммо, клубнинг таъкидлашича, ўйинчилар Толибон кийимларига ўралиб олишлари энди бу ҳақиқий жанговорликни эмас, балки террорчиликни намоён этиб қўйиши мумкин.

"Толибон жангчисидек бўл" деган шиорни эса, клуб "зўравонликка чорлаш" сифатида таърифлади.

Умуман, Бразилия футбол ишқибозлари кўпинча ғалати ва кутилмаган қилиқлари билан тилга тушишган.

Ўйин пайтлари улар бировларнинг ирқи, жинси, миллати ва ё табақасини ҳақорат қилиб ҳам қичқираверишади.

Айрим ҳолларда эса, бу ишқибозлар футбол томошасига борганда, Оятуллоҳ Ҳумайний, Саддам Ҳусайн ва ё Усама бин Лодиннинг акслари туширилган байроқларни ҳам кўтариб олишади.

Аммо, Бразилия келаси жаҳон чемпионлигига мезбонлик қилиши кутилади.

Шу боис ишқибозларнинг бунақа ҳатти-ҳаракатлари Бразилия обрўсига путур етказиши мумкинлиги борасида хавотирлар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ