Бирма: олти мусулмонга қотиллик айблови қўйилди

Image caption Мейтиладаги зўравонликлар туфайли минглаб мусулмонлар бошпанасиз қолдилар.

Бирма расмийлари шу йил март ойида рўй берган диний низолар пайти буддойи руҳонийнинг ўлимида олти мусулмонни айблаганлар.

Мейтила шаҳридаги руҳоний қотиллиги учун мусулмонлар ўлим жазосига ҳукм этилишлари мумкин.

Зўравонликлар пайти 43 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Уларнинг деярли ҳаммаси мусулмонлардир.

Мейтиладаги олтин дўконида келиб чиққан баҳс мусулмонлар билан буддойилар ўртасидаги қонли тўқнашувларга сабаб бўлган эди.

Апрел ойида олтин дўкони соҳиби ва унинг ёрдамчилари бўлган уч мусулмон устидан ҳукм эълон қилинган эди.

Бирма ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, мусулмонлар оломони ўзининг мотоциклида кетаётган пайтида буддойи руҳонийни уриб йиқитган, сўнг калтаклаб ўлдирган.

Руҳонийнинг уриб ўлдирилгани ҳақидаги хабар ҳам буддойиларни ғазаблантириб, мусулмонларнинг мавзеларига ёппасига ҳужумлар бошланиб кетишига туртки бергани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган эди.

Ушбу руҳонийга қарши ҳужумдан ташқари бошқа зўравонликларнинг ҳаммаси Мейтиладаги мусулмон озчиликка қаратилган.

Илк тўқнашувлар бошланган 20 март кунидан кейин 12 минг мусулмон ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Би-би-сининг Бангкокдаги мухбири Иохан Фишер ёзишича, Бирма расмийлари ихтиёрида исбот-далил етарли эканига қарамасдан, шу пайтгача буддойиларга айблов қўйилгани йўқ.

Полиция томонидан тасвирга олинган ва Би-би-сига кўриш учун тақдим қилинган видеода ёш мусулмонлар ўзларининг ўт қўйилган уйларидан қочиб чиқаётганлари ва қўлларида қиличлар бўлган оломон томонидан ўлдирилганлари акс этган.

Қарийб бир соатлик видеода ким эканлиги аниқ кўриниб турган шахслар ва буддойилар мусулмонларнинг дўконлари ва масжидларни вайрон этаётганлари тасвирга туширилган.

Мейтиладаги зўравонликлар атрофдаги ҳудудларга ҳам ёйилган, сўнг Бирма ҳукумати комендантлик соати жорий этган.

Камида уч шаҳардаги масжидлар ва мусулмонларнинг хонадонларига ўт қўйилгани ҳақида хабар қилинган.

Ўтган йили Бирманинг Рахине штатида ҳам этник зўравонликлар рўй берганди.

Оқибатда 200 га яқин инсон ҳалок бўлган, ўн минглаб одамлар ўз уйларини ташлаб қочган эдилар.

Рахинедаги зўравонликлар буддойилар билан Рохинга мусулмонлари ўртасида келиб чиққанди.

Рохинга мусулмонларини Бирма давлати ўз фуқаролари деб тан олмаган.

Рохингалар яшаб келган ҳудудларини тарк этарканлар, Бирмада ўзларига нисбатан бошланган таъқиблардан қочишга мажбур бўлаётганларини айтганлар.

6 май кунидаги ўзининг маърузасида Бирма Президенти Тейн Сейн Рахине штатидаги мусулмонларнинг "фундаментал ҳуқуқларини" ҳимоя қилишга ваъда берган.

Бу мавзуда батафсилроқ