Россия халқи президент Путиндан розими?

Image caption Владимир Путин яна бир бор ҳокимиятда қолса қанийди, дегувчиларнинг сони эса, чорак фоиздан сал ортаркан, холос

Аён бўлишича, Россиянинг аҳолисининг ярмига яқини 2018 йилги сайловлар ортидан қудратга бошқача президент келишини исташади.

Бунга "Левада" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўнгги сўров натижалари далолат қилмоқда.

Шундай истакда бўлган сўров иштирокчиларига кўра, Россиянинг янги президенти мамлакатда мавжуд муаммоларни ўзгача йўлда ечишга қодир инсон бўлиши лозим.

Владимир Путин яна бир бор ҳокимиятда қолса қанийди, дегувчиларнинг сони эса, чорак фоиздан сал ортаркан, холос.

Энг қизиғи шундаки, бошқача раҳбар орзусида бўлган россияликлар кўпчиликни ташкил этишса-да, сўров иштирокчиларининг аксарияти кейинги сайловлар ортидан ҳам жаноб Путин президентлик курсисида қолади, деган фикрда эканлар.

Агар ўтган йилнинг ноябр ойи билан таққосланса, шу йилнинг апрел ойига келиб, "Путинсиз Россия", "Путин президентликдан кетиши керак", деган шиорларни дастакловчиларнинг сони ҳам 2 фоизга ортибди.

Лекин, шунда ҳам, аксарият, яъни сўров қатнашчиларининг 36 фоизи бу каби шиорларни қўлламасликларини билдиришган.

Марказ, ўз навбатида, президент Путиннинг сиёсати нега сизни қониқтирмайди, нега ўзгача раҳбар истайсиз, деган саволларга ҳам жавоб топишга уринган.

Россия фуқароларининг ярмига яқинига кўра, давлат раҳбари ижтимоий адолат масаласи ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясига кўпроқ эътибор қаратиши лозим.

"Путиннинг амалдорлари Россияни ўзлариники қилиб олишди, Россияни халққа қайтариш керак", деган фикрдаги россияликлар эса, улардан кейинги энг катта фоиз(41%) ни ташкил этишаркан.

Янги сўров якунида иштирокчилардан Россиянинг амалдаги раҳбариятига ўз баҳоларини беришлари ҳам сўралган.

Бу ўринда ҳам Россия ҳукумати ўз манфаатлари йўлида фаолият олиб боради, дегувчиларнинг сони кўпчилик(35%)ни ташкил этган.

Ўз навбатида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бундай фикрда бўлган россияликларнинг сони ўтган тўрт ой давомида ўзгаришсиз қолган.

Бу мавзуда батафсилроқ